Ўзбекистон Республикаси президенти “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Мамлакатимизда қоракўл маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва уларнинг турларини кўпайтиришга қаратилган кенг кўламли таркибий ўзгартиришлар амалга оширилди, дейилади ҳужжатда.
Ўтган давр мобайнида қоракўл зотли қўйларнинг бош сони қарийб 2 бараварга кўпайиб, соҳада олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида қоракўл қўйларининг янги турлари ва чўл озуқабоп экинларининг янги навлари яратилди.
Шу билан бирга қуйидагилар қоракўлчилик соҳасининг жадал ривожланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда:
биринчидан, қоракўл зотли қўйларнинг ирсий хусусиятлари бузилиши, қўйлар тана ҳажмининг кичиклашиши;
иккинчидан, чўлда озуқа ишлаб чиқаришни интенсивлаштиришнинг илмий ва амалий асослари яратилмаганлиги, чўл озуқабоп ўсимликлари истиқболли навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ишлари йўлга қўйилмаганлиги;
учинчидан, яйловларни ривожлантириш ва уларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган илмий ва инновацион ишланмаларнинг жорий этилмаганлиги, яйловлардаги мавжуд сув иншоотларининг эскирганлиги;
тўртинчидан, қоракўлчилик билан шуғулланаётган хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, уларга озуқа маҳсулотлари етказиб беришнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги;
бешинчидан, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг модернизация қилинмаганлиги, ушбу соҳада янги замонавий технологиялар асосида фаолият юритувчи корхоналарнинг барпо этилмаганлиги;
олтинчидан, қоракўлчилик соҳасида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш механизмининг мавжуд эмаслиги ҳамда уларнинг қўнимсизлиги.











