Самарқанд ва Флоренция биродар шаҳарларга айланди

Флоренция губернатори Андреа Бардуччи (чапда) ва Самарқанд шаҳар ҳокими Акбар Шукуров © Gazeta.Uz

Самарқанд шаҳри ва Италиянинг Флоренция вилояти ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда «Газета.uz» 27 январь куни хабар берди.

Интернет-нашрнинг ёзишича, битим 26 январь куни Самарқанд шаҳар ҳокимлигида, Италия делегацияси ва Самарқанд шаҳар жамоатчилиги вакиллари гувоҳлигида имзоланган. Битим остига Самарқанд шаҳри ҳокими Акбар Шукуров ва Флоренция губернатори Андреа Бардуччи имзо чеккан.

Тадбирда сўзга чиққан Самарқанд шаҳар ҳокими ушбу битим Самарқанд ва Флоренция ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш ҳамда уларни мустаҳкамлашга асос бўлишини айтиб ўтди. Ўз навбатида, Андреа Бардуччи меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, иккитомонлама битимнинг имзоланиши учун кўплаб сабаблар борлигини таъкидлади.

«Худди Флоренция каби, Самарқанд ҳам жаҳон маданияти, санъати ва фани маркази ҳисобланади. Бизнинг бу икки шаҳримиз турли маданиятлар чорраҳасида жойлашган, халқларни бирлаштирган ва уларнинг ўзаро бирлашишларига ёрдам берган», – дея қайд этиб ўтди Флоренция раҳбари. Унинг фикрича, Флоренция ва Самарқанд ўртасидаги алоқа – Ғарб ва Шарқ ўртасидаги алоқанинг идеал кўринишидир.

Тадбирда Акбар Шукуров меҳмонларга эсдалик совғалар топширди, губернатор Андреа Бардуччига эса зарбоф тўн ва дўппи кийдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».

Шу кунгача Самарқанд жаҳоннинг 10та шаҳри билан биродарлашган эди. Улар орасида Бельгиянинг Льеж, Франциянинг Лион, Покистоннинг Лаҳор, Болгариянинг Пловдив, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро, Индонезиянинг Банда-Ачех, Украинанинг Львов, Германиянинг Бремен ҳамда Россиянинг Красноярск ва Самара шаҳарлари бор.

© 2012 - 2014 Kun.uz
Ахборотдан фойдаланганда Kun.uz’га манба кўрсатиш шарт.
№0987 сонли ОАВ (веб-сайт) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.

Система Orphus