Муниса Ризаева беҳаё суратлар масаласида «Ўзбекнаво»га чақирилди

Муниса Ризаева "Голливуд" қўшиғига клип суратга олдириш жараёнида © munisarizaeva.com

Йўқолган телефонидан ўта шахсий суратлари ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган хонанда Муниса Ризаева шоу-бизнесни тарк этиб, Англияга кетмоқчи. Бу ҳақда Sayyod.uz сайти хабар бермоқда.

Сўнгги бир йилдан бери ижтимоий тармоқларда хонанда Муниса Ризаеванинг ўта шахсий суратлари тарқатилмоқда. Асосан WhatsApp дастури фойдаланувчилари орасида тарқатилаётган фотосуратлардан бирида, Shov-Shuv.uz сайти маълумотларига кўра, «бир йигитнинг оёғига лабларини қўйиб турган бўлса, яна бирида ўз маъносини ифода этган ўрта бармоғини кўрсатади, яна бошқасида бойфриенди билан ўтли бўса оғушида».

Shov-Shuv.uz’нинг қўшимча қилишича, бир неча кун илгари Муниса Ризаева «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасига чақирилиб, беҳаё фотосуратларнинг тарқалиб кетиши сабаблари сўралган. Бунга жавобан хонанда қаттиқ афсусда эканлиги, бунга асосий сабаб унинг йўқолиб қолган қўл телефони эканлигини билдирган. Интернет-нашр маълумотларига кўра, йўқолган қўл телефонида Муниса Ризаеванинг шахсий ҳаётига алоқадор 3 мингдан ортиқ фотосуратлар бўлган.

«Бўлди, шоу-бизнесдан кетаман! Бошқа куйламайман!», – дейди хонанда Sayyod.uz сайтига берган интервьюсида. «2008 йилги суратларим учун ҳалигача жавоб бераверишим жонга тегди. Ҳамманинг ҳам телефонида шахсий, айнан шахсий суратлари бўлиши мумкин-ку! Телефон шахсий ҳудудим-ку! Ўғирлатиб қўйганим душманларимга қўл келди», – дейди Муниса Ризаева.

Sayyod.uz муҳаррирининг қўшимча қилишича, Муниса Ризаеванинг санъатдан аввалги ҳаёти «кўпроқ тараллабедод» тарзда ўтган. Бугунги кунда эса у «энг талабгор, кунига бир неча тўйи бор хонанда» ҳисобланади. Бунга сабаб сифатида «тўйда жонли куйлаб, [тўйларни] ўз энергияси билан қизитаётгани» эканлиги кўрсатилади.

Shov-shuv.uz сайтида исми ошкор этилмаган санъаткордан келтирилган иқтибосга кўра, Муниса Ризаевадан собиқ бойфрендлари алам олаётган бўлиши мумкин. «Бечора Мунис! Мен унинг шахсан учта бойфриендини яхши биламан. Балки, улар аламидан «ёпиқ» фотосуратларни оммага ошкора қиляпти!? Ризаеванинг ўзи ёмон қизмас. Унинг эркаликлари, шўхликлари, ҳазиллари зилга айланмоқда», – дейилади интернет-нашрда келтирилган иқтибосда.

Расмий сайтидаги маълумотларга кўра, болалиги Лондонда ўтган Муниса Ризаева 2010 йилда Тошкентга келган ва 2011 йилдан яккахон хонандалик фаолиятини бошлаган. 2012 йилда дебют альбомини чиқарган. «Унинг ҳар бир янги қўшиғи – «Айрилма ёр», «Кўзларим яна», «Енгилмас севги», «Эй, само», «Голливуд» – деярли бутун мамлакат биладиган хит даражасига кўтарилди», – дейилади хонанда расмий сайтидаги таржимаи ҳолда.

© 2012 - 2014 Kun.uz
Ахборотдан фойдаланганда Kun.uz’га манба кўрсатиш шарт.
№0987 сонли ОАВ (веб-сайт) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.

Система Orphus