18:07 / 21.10.2019
16
131984

«AVTO 60 OY» МЧЖнинг қўлга олинган раҳбари фаолияти бўйича нималар маълум? Тергов департаменти қўшимча изоҳ берди

Фаолиятида молиявий пирамида мавжудлиги гумон қилинган «Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбарларига жиноий қўзғатилгач, ижтимоий тармоқларда ушбу фирма ходимлари ва унинг мижозларининг видеомурожаати тарқалди.

14 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти «Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатганди.

Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда «Avto oltmish oy» МЧЖ вакиллари ва мижозлари томонидан жамият раҳбари Жамшид Баҳодировни озод қилиш тўғрисида видеомурожаатлар пайдо бўлди. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти бўлими бошлиғи Азизбек Долиходжаев билан суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, МЖЧ 17 минг одам билан автомобиль олиб бериш бўйича шартнома тузган, бу одамлардан 40 миллиард сўмга яқин маблағ йиғиб олинган, Жамшид Баҳодиров эса бу пулларнинг 3,6 миллиард сўмдан ортиқ бошқа мақсадларда ишлатиб юборган.

«Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодиров

«UzAuto Motors» компаниясининг Ички ишлар вазирлигига йўллаган мурожаати юзасидан вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мол-мулкини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти шаффофлигини ўрганиш мақсадида, молия-хўжалик фаолияти ҳужжатли тафтиш ўтказиш йўли билан текширилади.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти бўлими бошлиғи
Азизбек Долиходжаев

Айни вақтда «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг бош офиси ва вилоятлардаги филиалларида мавжуд бухгалтерия ҳужжатларини аниқлаб олиш мақсадида тергов гуруҳлари томонидан тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аниқланишича, май ойида ташкил этилган жамият октябрь ойига қадар 40 миллиард сўмга яқин пул маблағларини кирим қилган. Бу пуллардан жами 9 миллиард сўмдан ортиқроқ сумма 130та автомобиль учун ўтказилган. Бирламчи бухгалтерия ҳужжатларига кўра, Жамшид Баҳодиров жамиятнинг 2 миллиард сўмга яқин маблағини нақд пул кўринишида кассадан ечиб олган ва шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида очган фирмасига 1,6 миллиард сўмга яқин пул маблағларини ҳам ўтказган. Бу шубҳа уйғотади. 17 минг нафар фуқаро олдида машина бериш бўйича шартномаси турганда 3,6 миллиард сўм маблағлар қай мақсадларда ишлатилган?

Жамшид Баҳодиров шахсига тўхталадиган бўлсак, у 1996 йилда туғилган. 2014 йилда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди томонидан 164-моддаси, яъни босқинчилик жинояти бўйича суд ҳукми билан айб эълон қилинган.

Жамият мижозлардан навбатда туриш бўйича флаерлар сотиб пул маблағларини шакллантирган. Табиийки, 3 миллион сўм, 5 миллион сўм автомобиль сотиб олишга етмайди. Бунда кейинги мижознинг пулини кутишга тўғри келади. Тушган 24,6 миллиард сўмга фақатгина 310та автомобиль харид қилиш мумкин. Аслида 17 мингга яқин мижозга автомобиль етказиб бериш керак. Уларнинг олдидаги мажбуриятини бажара олмаслиги кўриниб турибди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектининг назорат кирим-чиқим операциялари назоратга олинади, лекин фаолияти тўхтатиб қўйилмайди.

Тафтиш якунига кўра, мазкур жамият мансабдор шахслари ва бошқаларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Жиноят иши одил судлов асосида кўриб чиқилади ва якунда суд томонидан айблов ёки оқлов ҳукми чиқарилади», дея таъкидлади Долиходжаев.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top