11:00 / 28.01.2018
10405

2017 йилда АҚШдан Канадага 20,5 мингдан кўпроқ муҳожир кўчиб ўтди – ОАВ

Фото: Pravda-tv

2017 йилда АҚШдан 20,5 мингдан кўпроқ ноқонуний муҳожир Канада чегарасини кесиб ўтган. Бу ҳақда Канада миграция хизматига иқтибос келтирган ҳолда Global News телеканали маълум қилди. 

“Ўтган йил декабрида чегара пунктларида полиция томондан 1978 ноқонуний муҳожир ушланган. Шу тариқа 2017 йилда АҚШ-Канада чегарасини кесиб ўтган қочқинлар сони 20593 кишини ташкил қилган”, дейилган телеканал хабарида. Асосан Канадага муҳожирлар Квебек ва Манитоба вилоятлари орқали ўтадилар. Улардан кўпчилиги Ҳаити ва нигериялик қочқинлардир.

2017 йил бошида АҚШдан Канадага ноқонуний муҳожирлар оммавий равишда ўта бошлашган. Муҳожирларнинг айтишича, улар АҚШ президенти Дональд Трампнинг қаттиққўл иммиграция сиёсати сабабли АҚШдан депортация қилинишлари мумкинлигидан хавфсираб, Канадага қочмоқдалар.

Фото: Paul Chiasson
Фото: Global News

АҚШ ва Канада ўртасидаги 2004 йилдаги келишувга кўра ҳимоя изловчи одамлар ушбу давлатлар ҳукуматларидан бирига тегишли сўров беришлари мумкин. Келишувга кўра, агар ҳимоя изловчилар дастлаб АҚШга келиб, кейин Канадага ўтсалар, унда улар ортга – АҚШга депортация қилинишлари керак эди, чунки АҚШ улар бошпана берилишини сўрашлари мумкин бўлган хавфсиз давлат ҳисобланарди. Бироқ Трампнинг АҚШ миграция сиёсатининг қатъийлаштирилишига олиб келган фармонларидан кейин, АҚШ қочқинлар учун энди хавфсиз давлат ҳисобланмайди ва шу сабабли ноқонуний муҳожирлар энди Канададан депортация қилинишлари мумкин эмас.

Top