18:38 / 16.11.2015
4865

2016 йилда хотин-қизлар ва ногиронларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади

16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарда келтирилишича, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини муҳокама қилдилар.
2016 йилда барча туманлар ва шаҳарлар бўйича иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга буюртма шакллантирилган. Шу асосда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари, биринчи навбатда, коллежлар битирувчиларининг тегишли сонига мувофиқ миқёсда ишлаб чиқилган. Дастурда кичик саноат зоналарини ташкил этиш, иш ўринларини захиралаш йўли билан иш ўринлари яратиш йўналишлари кенгайтирилиб алоҳида ажратилган, шунингдек аҳоли ва ёшларни, биринчи навбатда, коллежлар битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг янги усулларидан фойдаланиш, коллежларда тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш бўйича ўқув-амалий курсларни ташкил этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш назарда тутилган.
Дастурга мувофиқ 2016 йилда 992,7 минг кишини ишга жойлаштириш назарда тутилган. Уларнинг 511,5 минги таълим муассасалари битирувчиларидир. Шунингдек, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Top