14:32 / 27.12.2015
3646

Қишнинг ўта иссиқ келиши Франция жанубида ўрмон ёнғинларига сабаб бўлмоқда

Шанба, 26 декабрь куни Франция жанубидаги Арьеж департаментида ўрмон ёнғинларининг янги учта ўчоғи бартараф этилди. AFP агентлиги хабарига кўра, ёнғинлар натижасида умумий бўлиб 650 гектар ўрмон ҳудуди ёниб кетган.

Маҳаллий ёнғин-қутқарув хизматларининг маълум қилишича, ҳодисалардан ҳеч ким жабр кўрмаган, аҳоли эвакуация қилинмаган. Шу билан бирга, ўт ўчирувчилар ёнғин ўчоқлари яқинидаги буғдой омбори ва турар-жой биноларини оловдан асраш бўйича қатор чораларни кўришган. Табиий офатга қарши кураш учун 60 нафар қутқарувчи сафарбар қилинган.

“Ёнғин ўчоқлари бартараф этилган, бироқ биз янги аланганлардан кафолатланмаганмиз”, - деди ёнғин хизмати вакили Кристиан Лукович. Маълумотларга кўра, ёнғинлар бориш мураккаб ҳудудларда рўй бераётгани сабабли уларни бартараф этишда қийинчиликлар туғилмоқда.

Арьеждаги ёнғинлар жорий ҳафта аввалидан буён кузатилмоқда. Дам олиш кунларида бу каби ҳолатларнинг камайишига шамолнинг кучсизланаётшани сабаб бўлмоқда. Ҳозиргача ёнғин сабаблари аниқлаштирилмаган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда қиш Ғарбий Европа учун ўта иссиқ келмоқда. Айни па тда Францияда ҳавонинг ўртача ҳарорати кундуз куни 11 даражагача исимоқда. Жанубий ҳудудларда эса ҳарорат 17 даражага қадар кўтарилмоқда. Синоптиклар декабрь метеокузатувлар тарихида ўртача ҳарорат энг юқори ой бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти. Об-ҳаво башоратларига кўра, бундай ҳарорат Францияда январь ойи аввалига қадар сақланиб қолади.

Top