Андижонда мактаб ўқувчилари “қизил тоифа”га ажратилди
Хўжаобод туман ИИБ бошлиғи Рустам Жалолиддинов ўз сектори ҳудудида жойлашган мактабларнинг 18 нафар ўқувчиси билан “суҳбат“ ўтказди. Расмийлар бу болаларни “қизил тоифада” деб эълон қилган. Қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда болаларни камситиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилиш мумкин эмас.
28 ноябр куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Рустам Жалолдинов 3-сектор ҳудудидаги мактабларнинг айрим ўқувчилар билан учрашди.
Бу ҳақда хабар берган туман ҳокимлиги матбуот хизмати учрашув “қизил тоифадаги” ўқувчилар билан бўлганини ёзган.
“Хўжаобод тумани 3-сектор ҳудудида жойлашган мактаблардаги 18 нафар қизил тоифадаги ўқувчилар билан туман ИИБ бошлиғи Рустам Жалолдинов ва Халқ қабулхонаси мудири Д.Комилжоновлар томонидан келгусида ўқувчиларни қизиқишлари бўйича суҳбат ташкил этилди”, – дейилади ҳокимлик хабарида.
Расмийларга кўра, учрашувда ўқувчилар билан “мактабдан кейинги мустақил ҳаётдаги режалари ҳақида” бирма-бир суҳбат олиб борилган ва керакли тавсиялар берилган.
Хабарга илова қилинган суратларда рўмол ўраган ўқувчи қизлар (9 нафар) ва бир неча йигитни кўриш мумкин. “Суҳбатда” бир қанча масъуллар ҳам қатнашгани кўринади.
Туман ҳокимлиги ўз хабарида вояга етмаган болалар “қизил гуруҳда” эканини қайд этиш билан уларга салбий бўёқ берган, суратларда уларнинг юзлари очиқ ҳолда қолдирган.
Болалар қайси хусусиятига кўра “қизил гуруҳ”га киритилганига изоҳ берилмаган.
Маълумот учун, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига биноан, Ўзбекистонда болаларнинг камситилишига йўл қўйилмайди, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинади.
Қонуннинг 10-моддасида давлат болаларни инсон қадр-қимматини камситувчи муомаладан ҳимоя қилиши назарда тутилган.
Мавзуга оид
07:50 / 10.12.2024
Андижонда Lacetti 12 ёшли болани уриб юборди
18:07 / 09.12.2024
Андижонда Lacetti ёниб кетди
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
16:59 / 04.12.2024