18:57 / 21.04.2017
28585

Миграция агентлиги Россияга борувчи ишчиларни саралаб беради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида кўплаб давлатлараро ва ҳукуматлараро битим ва шартномалар имзоланганди. Уларнинг бири «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида» Битимдир. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ушбу битим бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тавсиф қилди.

Меҳнат муҳожирлари Россияга боришдан олдин иш ва ётоқхона билан таъминланади

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари мазкур Битмни имзолар экан, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 30 майдаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида 2004 йил 16 июндаги Шартнома, ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида 1994 йил 15 апрелда имзоланган меҳнаткаш-муҳожирларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги меҳнаткаш-мигрантлари-фуқароларининг ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнаткаш-мигрантлари-фуқароларининг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида 2007 йил 4 июлдаги Битимга асосландилар.

«Сир эмас, анчадан буён ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнларини тартибга солиш ва ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш зарурияти мавжуд эди. Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнаткаш-муҳожирларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши зарур эди. 

Битим Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш бўйича Томонлар ҳамкорлигининг тартиби ва шартларини белгилаб беради.

Битимни амалга ошириш учун масъул ваколатли органлар қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон Республикаси учун – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик); Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Россия Федерацияси учун – Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги; Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги; Меҳнат ва бандлик бўйича Федерал хизмат; Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги; Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, Меҳнат ва бандлик бўйича Федерал хизмат Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда: ишчиларга эхтиёжи бўлган Россия иш берувчилари, бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар, иш хусусияти, иш ҳақи, иш режими, таълим, касбий билимлар, кўникмалар, иш стажига бўлган малака талаблари, иш берувчи томонидан чет эллик ишчига тақдим этиладиган қўшимча ижтимоий кафолатлар тўғрисида ахборотни ахборот-таҳлилий тизимда жойлаштириш бўйича фаолиятни ташкиллаштиради; меҳнат қонунчилиги ва меҳнат ҳуқуқи нормалари мавжуд бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Комплекс имтиҳонлар ўтказиш ва тегишли сертификат бериш мақсадида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган хорижий фуқаролар учун комплекс имтиҳонлар ўтказувчи ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари билан битимлар тузишлари мумкин.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўз ҳудудий органларининг меҳнаткаш-мигрантларга Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ рухсатнома расмийлаштириш ва бериш бўйича фаолиятини ташкиллаштиради ҳамда миграция соҳасида федерал давлат назоратини амалга оширади.

Ўзбекистон Републикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясида меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тартибида ишга жойлаштириш имкониятлари ҳақида хабардор қилинишини амалга оширади; тегишли малака ва иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан номзодлар танловини амалга оширади; Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган хорижий фуқаролар учун Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ комплекс имтиҳонлар ўтказувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади; вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги комплекс имтиҳонларни топшириш бўйича тавсия этган ўқув-услубий материалларга мувофиқ ўқитади; ишга жойлаштиришга номзодлар тиббий кўрикдан ўтишини ташкиллаштиради; иш берувчилар билан талаб этилаётган малака ва тажрибага эга бўлган номзодларни, шунингдек меҳнат шартномалари лойиҳаларини келишади; шунингдек, меҳнаткаш-мигрантларнинг ташкилий жалб этиш тартибида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойига қадар етиб боришини ташкиллаштиради.

Top