21:10 / 28.03.2017
26058

Президент қарори асосида Ўзбекистондаги барча деҳқон бозорлари замонавий мажмуаларга айлантирилади

Фото: UzNews

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Давлатимиз мустақиллиги даврида деҳқон бозорларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, харидорлар ва сотувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республиканинг йирик саноат шаҳарлари ва қишлоқ туманлари марказларида фаолият кўрсатаётган бозорлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. 

Кейинги 5 йилда Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда 17та деҳқон бозори мукаммал реконструкция қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги "Олой" ва "Миробод" бозорлари тўлиқ бузиб ташланди ва уларнинг ўрнида анъанавий шарқ безаги элементларидан фойдаланилган янги замонавий деҳқон бозорлари барпо этилди. 

Бундан ташқари, айрим шаҳарларда, вилоятлар ва йирик туман марказларида ҳам деҳқон бозорларини бузиб ташлаш, қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, уларнинг ўрнида барча зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига ҳамда сотувчилар ва харидорлар учун қулайликларга эга бўлган замонавий обод бозор мажмуалари барпо этилди. 

Шу билан бир қаторда, олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. 

Ҳозирги вақтда фаолият кўрсатаётган 328 та деҳқон бозорини ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш: 

- бозорларнинг 70 фоизидан ортиғининг (231) моддий-техника базаси савдони ташкил этишнинг замонавий талабларига (муҳандислик-коммуникация тармоқлари, савдо расталари, ободонлаштириш, автомобиллар тўхташ жойлари ва бошқалар) жавоб бермаслигини; 

- туманлардаги қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бозорларнинг 20 фоизидан ортиғи (59) ҳафтада фақат бир кун ва зарар кўриб ишлашини; 

- бозорларнинг 90 фоизидан ортиғи (301) замонавий қурилиш нормалари талаблари ва савдо хизмати кўрсатиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда мукаммал таъмирлашни талаб этишини; 

- республика қишлоқ туманлари аҳолиси амалда бозорларда замонавий тўлов тизимларидан (пластик карточкалардан) фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж товарларини сотиб олиш имкониятига эга эмаслигини, аҳолига савдо хизматлари кўрсатиш даражаси ҳам замонавий талабларга жавоб бермаслигини кўрсатди. 

Деҳқон бозорларининг асосий қисми катта ҳудудларни эгаллайди, кўпинча аҳоли учун истеъмол товарларининг энг зарур турлари сотувда бўлмайди. 

Ушбу барча омиллар деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларни янада ривожлантириш стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда. 

Деҳқон бозорларининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва замонавий савдо-бозор инфратузилмасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Деҳқон бозорларини реконструкция қилишни давом эттириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди: 

- бозорлар сонини ва улар эгаллаб турган майдонларни мақбуллаштириш; 

- бозорлар ҳудудида мижозларга сифатли сервис хизмати кўрсатишни ташкил этган ҳолда озиқ-овқат ва истеъмол товарлари билан савдо қилишга мўлжалланган замонавий савдо мажмуалари қуриш; 

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган бозорларни реконструкция қилиш, сэндвич-панеллардан кенг фойдаланилган ҳолда енгил конструкцияли йиғиб-териладиган савдо павильонлари барпо этишни ва зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминлашни назарда тутувчи қулай шарт-шароитлар яратиш. 

Қарор билан деҳқон бозорларини реконструкция қилиш дастури тасдиқланди, унда қуйидагилар назарда тутилган: 

биринчи – деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдонинг барча талабларига жавоб берадиган 3 қаватли гипермаркетлар (9), 2 қаватли супермаркетлар (28), 1 қаватли супермаркетлар (126) ва минимаркетлар (79), шунингдек, уларга туташ ҳудудларда автомобилларга мўлжалланган автотураргоҳлар барпо этиш; 

иккинчи – сэндвич-панеллардан кенг фойдаланган ҳолда енгил конструкцияли йиғиб-териладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга ихтисослашган савдо павильонлари қуриш; 

учинчи – 59 та самарасиз ва зарар кўриб ишлаётган деҳқон бозорларини оптималлаштириш, кейинчалик уларнинг ҳудудида замонавий савдо ва озиқ-овқат объектлари қуриш. 

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, қуйидагилар лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ҳисобланади: 

республиканинг қишлоқ туманларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган савдо мажмуалари қурилиши, улар ҳудудини ободонлаштириш ва автотураргоҳлар ташкил қилишга – “Ўзмиллийбанк” маблағлари; 

йирик шаҳарлардаги деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган савдо мажмуалари қурилиши, улар ҳудудини ободонлаштириш ва автотураргоҳлар ташкил қилишга – биринчи навбатда тадбиркорлар маблағлари ҳисобига, шу жумладан, тижорат банкларининг камида 5 йил муддатга бериладиган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан оширилмайдиган ставка бўйича кредит маблағлари; 

республиканинг шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган савдо мажмуаларининг ёнида ташкил этиладиган сэндвич-панеллардан кенг фойдаланиладиган енгил конструкцияли савдо павильонларини ташкил этишда – “Ўзмиллийбанк” маблағлари. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Дастурни амалга оширишга жами 746 миллиард сўм, шундан 631,5 миллиард сўм “Ўзмиллийбанк” маблағлари ва 81,5 миллиард сўм тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредит ресурслари жалб этилади. 

Энг муҳими, республиканинг қишлоқ туманларида фаолият кўрсатиб турган деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган 3 та 3 қаватли гипермаркет, 21 та 2 қаватли ва 116 та 1 қаватли супермаркет ҳамда 63 та минимаркет қурилиши “Ўзмиллийбанк” томонидан амалга оширилиб, кейинчалик маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, жойлардаги молиявий барқарор тадбиркорларга хусусий мулк сифатида сотилиши кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, республика шаҳарларида қуриладиган 6 та замонавий гипермаркет, 17 та супермаркет ҳамда 16 та минимаркет қурилиши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан тавсия этилган молиявий барқарор бўлган маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. 

Деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган 531 та замонавий ва ихчам енгил темир конструкциялардан фойдаланган ҳолда йиғиб-териладиган савдо расталарининг қурилишини молиялаштириш, шунингдек, “Ўзмиллийбанк” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республика ҳудудларида 50 та ва ундан ортиқ савдо ўринлари мавжуд бўлган барча деҳқон бозорларида давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари томонидан йиғимнинг тўлиқлигини ҳар куни текширган ҳолда фақат банк тизими орқали бир марталик йиғимлар ундирилишининг автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиниши мажбурий тартибда жорий этилади. 

Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб деҳқон бозорларига тегишли ҳудудда жойлашган автотўхташ жойлари мазкур бозорлар ихтиёрига ўтказилади. Автотўхташ жойларидан тушадиган пул тушумлари ҳисобидан бозорлар ва савдо комплексларнинг даромадлари ошади, бу эса бир вақтнинг ўзида бозорлар даромадларидан давлат бюджетига ажратмалар ортишини таъминлайди. 

Дастурнинг амалга оширилиши деҳқон бозорларининг сони ва ҳудуди мақбуллаштирилишини, уларнинг майдонларидан ва инфратузилма объектларидан самарали фойдаланилишини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, харидорлар учун қулай савдо муҳити яратилишини, савдони ҳисоб-китоб терминаллари орқали ташкил этиш ҳисобига нақд пул маблағлари айланмаси қисқаришини, шунингдек, республикада 2020 йилда деҳқон бозорлари тўлиқ реконструкция қилинишини таъминлайди.

Top