11:40 / 01.11.2016
6829

CNN дебатлардан аввал Клинтонни саволлардан бири билан таништирган ходимини ишдан бўшатди

Фото: The New York Times

Американинг CNN телекомпанияси АҚШ президентлигига Демократлар партияси номзоди, собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтонни дебатларда берилган саволлардан бири билан олдиндан таништиргани учун Донна Бразиль билан шартномасини узди. Бу ҳақида каналнинг расмий вакили Лоурен Протапаснинг берган маълумотига асосланиб, The New York Times ва бир қатор бошқа ОАВ хабар берди.  

Бразиль жорий йилнинг июлига қадар CNN'да мухбир ва таҳлилчи бўлиб ишлаган. У Демократик партия миллий қўмитасининг раиси вазифасини бажарувчиси бўлиш учун телекомпаниядаги фаолиятини тўхтатган. 

Бундан аввал Wikileaks ташкилоти жорий йилнинг мартида Бразил Клинтоннинг ёрдамчисига хат йўллаб, унда Флинт шаҳрида (Мичиган штати) бўлиб ўтадиган сайлов олди дебатларида Клинтонга атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши кураш мавзусида савол берилишини маълум қилганлигини ошкор этганди. Огоҳлантириш тўғри бўлиб чиқди ва собиқ бош котибга ҳақиқатдан ҳам шундай савол берилди. 

Протапаснинг билдиришича, Бразил билан тузилган шартнома 14 октябрда расман тўхтатилган. "У CNN ходими бўлган пайтда Клинтон билан ҳамкорлик қилганлигидан хабар топишимиз бизни жуда ноқулай аҳволда қолдирди. CNN ҳеч қачон Бразилга дебатлардан олдинги учрашувларга доир маълумотларни тақдим қилмаган", - дея таъкидлади телеканал ходими. 

Бразилнинг ўзи бу айбловларни инкор қилмоқда. У душанба куни Twitter ижтимоий тармоғида шундай ёзув қолдирди: "CNN'дан миннатдорман. Телекомпанияда демократлар ва мухбирлар стратегияси бўйича эксперт сифатида ишлаш мен учун шараф бўлди. Собиқ ҳамкасбларимнинг барчасига омад!"
 

Top