21:00 / 21.03.2017
89870

Президентнинг ОАВга илк интервьюси: Марказий Осиё интеграциясида тамал тоши қўйиладими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига 22-23 март кунлари амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида «Казинформ» агентлиги мухбири саволларига жавоб қайтариб, эксклюзив интервью берди.

Унда Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон ва бошқа қўшнилар билан қандай алоқалар ўрнатмоқчи экани ҳақидаги саволларга жавоб берган.

– Ҳурматли Шавкат Миромонович, бу сизнинг Қозоғистонга Ўзбекистон президенти сифатида амалга оширадиган илк ташрифингиз бўлади. Остонага қандай ҳиссиётлар билан учасиз?

Дарҳақиқат, Қозоғистонга давлат ташрифи бизнинг икки томонлама муносабатларимиздаги муҳим сиёсий воқеа бўлади.

Абадий дўстлик ҳақидаги келишув ҳамда Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари даражаси қанчалар юқорилигини кўрсатади. Бир қатор минтақавий ва халқаро масалаларда давлатларимизнинг позициялари умумий. Ўзбекистон ва Қозоғистон бу минтақадаги хавфсизлик ва тинчлик мустаҳкамланишида ўзини бирдек масъул ҳис этадиган икки давлатдир.

Халқаро доирада Қозоғистоннинг нуфузи ортаётгани бизни қувонтиради. Бу давлат БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси, бу эса мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятда тутган муҳим ўрнини кўрсатади.

Ўзбекистонда Нурсултон Абишевич Назарбоевни биродар Қозоғистоннинг раҳбари сифатида яхши билишади ва ҳурмат қилишади. У ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, ўз дўсти Ислом Каримовни хотирлаш учун келганини қадрлашади ва буни унутишмайди...

Ишончим комилки, Қозоғистонга бўлажак ташриф ўзаро муносабатларимиз ривожидаги янги қадам бўлади. Биз давлатларимиз халқлари бу учрашувдан кўп нарса кутаётганини яхши биламиз ва умид қиламанки, бу ишончлар оқланади.

- Сизнинг раҳбарлигингизда қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан бири 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси бўлди. Ҳужжатда асосий эътибор халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларига қаратилган. Мамлакатни ривожлантиришда нима учун айнан шу жиҳатлар биринчи галдаги мақсадлар сифатида танланган?

Маълумки, биринчи президентимиз раҳбарлигида мустақил Ўзбекистон бозор иқтисодиёти қурилишини бошлади ва кўплаб ютуқларга эришилди.

Ҳаёт давом этар экан, мамлакатнинг истиқболдаги ривожи таъминланиши учун олдимизга кўплар вазифалар қўйила боради. Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг яқин 5 йилдаги тараққиётини белгилаб беради.

Бу ҳужжат дастури давлат қурилиш соҳалари, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни, иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминловчи таклифлар, ижтимоий соҳалар ривожи, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи алоқалар ривожини таъминлаш чораларини қамраб олган.

Эътиборингизни шунга қаратишни истардимки, Стратегия - бу иш кабинетидаги фикрлар ҳосиласи эмас. Бу ҳужжат лойиҳаси халқ томонидан маъқулланган, жамоатчилик муҳокамасидан ўтган, бу муҳокамалар давомида минглаб таклифлар ва янги ташаббуслар берилган ва уларнинг бир қисми якуний таҳрирга қўшилган.

2017 йил мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Аҳоли ва ҳукумат вакиллари ўртасидаги мулоқот долзарб аҳамиятга эга. Аввалига ўтган йил охирида виртуал қабулхона очдик, буни халқ ва давлат ўртасидаги ўзаро мулоқотнинг янги механизми сифатида белгиладик. Бугунги кунгача бу восита орқали бир ярим миллиондан ортиқ киши ўз муаммоларини баён этган ҳолда мурожаат қилган ва амалда уларнинг деярли барчаси кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилган. Бугунги кунда биз халқ билан мулоқот қилмасдан туриб, ривожланишни таъминлай олмаймиз. Буни оддий формула билан тушунтириш мумкин: халқ давлатни тинглаши эмас, давлат халқни тинглаши керак. Мен ўйлайманки, буни Ўзбекистонда айни кунда амалга оширилаётган ишларда кўриш мумкин.

–  Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик даражаси ва сифатига боғлиқ. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бугунги кундаги муносабатлари ҳолатини қандай баҳолайсиз?

– Ҳа, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари Марказий Осиё тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Ўз вақтида давлатларимиз орасида Стратегик ҳамкорлик ҳақида битим имзолангани бежизга эмас. Минтақамизнинг янги тарихида бўлиб ўтган энг қийин даврларда бошқа минтақалардагидан фарқли ўлароқ биз давлатлараро жиддий низолардан холи бўлдик ҳамда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолдик.

Марказий Осиё тараққиёти ҳақида гапирар эканмиз, биз яхши тушунамизки, исталган йирик минтақавий лойиҳалар, транспорт-коммуникация ёки энергетик характердаги лойиҳаларни давлатлар ўртасидаги фаол ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Бугунги кунда Марказий Осиё халқаро миқёсдаги энергетик ва транспорт лойиҳаларидаги муҳим ўйинчига айланди. Бу минтақа давлатлари юритган ташқи сиёсат самарасидир. Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги эвазига минтақа Ғарбни Шарқ билан, Шимолни Жануб билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлаклари чорраҳасига айланди.

Образли қилиб айтадиган бўлсак, Буюк Ипак йўли тикланмоқда ва биз кўп асрлар аввал бўлгани каби Евроосиё транспорт артериясининг юрагида жойлашганмиз. Мамнуният билан қайд этишни истардимки, Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан ҳисобланади. Албатта, глобал инқироз товар айланмаси ҳаракатига таъсир кўрсатмасдан қолмаган. Аммо шуни таъкидлашни истардимки, мамлакатларимиз ўртасида фойдаланилмай қолаётган имкониятлар кўп.

Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 230га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда, ўз навбатида Қозоғистонда Ўзбекистон резиденти иштирокидаги 130дан ортиқ корхона ишламоқда. Бу кўрсаткичларни икки баробар ошириш мумкин. Бунинг ортидан эса товар айирбошлаш ҳажми бир неча марта ошиши мумкин бўлади. Бу давлатларимизнинг ишбилармон доиралари томонидан таклиф этилган янги ташаббусларда акс этган.

- Президентлик фаолиятингизнинг илк кунлариданоқ сиз Марказий Осиё минтақасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни ташқи сиёсатдаги устувор йўналиш сифатида белгиладингиз. Сизнингча Марказий Осиёдаги ҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг нисбатан энг муҳим йўналишлари нималардан иборат?

– Бизнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги асосий йўналишлардан бири бу яқин қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши биз минтақавий сиёсатни қанчалар тўғри олиб боришимизга боғлиқ. Биз Марказий Осиёни асрлар давомида географик, иқтисодий ва маданий кенгликларда умумийликка эга бўлиб келган ягона организм деб биламиз.

Минтақанинг барча аҳолисини ташвишлантирадиган муаммоларни бир давлатнинг ўзи алоҳида ҳал қилиши мумкин эмас. Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт-коммуникация, экология, сув ресурсларидан оқилона ва одиллик билан фойдаланиш каби масалалар шулар жумласидан. Марказий Осиё ҳамиша сув захираларига жиддий эҳтиёж сезган. Ҳозирги глобал иқлим исиши ва сувга талаб кучаяётган бир пайтда муаммо тобора мушкуллашмоқда. Агар бугун биз сувнинг ҳар томчисини тежаш ҳақида ўйламасак, авлодлар олдида жиноят қилган бўламиз.

Яна қайтараман, ҳатто сув тежовчи энг яхши технологияларни қўллаб ҳам бир давлат муаммони алоҳида ҳолда ҳал эта олмайди. Бу масалада биз Қозоғистон билан якдил фикрга эгамиз ва бу йўналишда ягона стратегияни қўллаймиз. 

Алоҳида давлат жаҳон бозорига ўз энергия ресурсларини қўшни давлатларни четлаб ўтган ҳолда етказа олмайди. Шунинг учун транспорт йўлларини тартибга соладиган ва янги транспорт йўлакларини ишга туширадиган ҳаммамиз учун манфаатли ягона интеграциялашган тизим яратишимиз керак.

Ҳудудий ҳамкорлик масаласига қайтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги сиёсатини шундай белгилайман: Кескин саволлардан қочмаслик ва ақл билан муросага келиш йўлини излаш. Қозоғистондаги музокаралар чоғида ҳам ҳудудий ривожланиш масалаларига шундай ёндашамиз.

Бу мавжуд муаммоларни ҳал қилиш йўлини қидириш ва улкан минтақавий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдир. Буларнинг барчаси биз учун биринчи даражали аҳамиятга эгадир.

- Сизнинг Нурсултон Назарбоев билан учрашувингиз кун тартибидаги мавзу минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш мавзуси бўлади. Сиз Остона ва Тошкентнинг бу соҳадаги ҳамкорлиги истиқболини қандай кўрмоқдасиз?

- Қайд этишни истардимки, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро миқёсдаги асосий муаммоларга бирдек ёндашган. Биз ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келганмиз. Ишонаманки, бундан кейин ҳам халқаро майдонда шундай давом этилади. Бизнинг мамлакатларимизни хавфсизлик масалалари жиддий ташвишга солади. Шу ўринда Қозоғистоннинг минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидаги ишларини юқори баҳолайман. Бу борада Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг тузилишида Қозоғистон ташаббускор бўлганини қайд этиб ўтиш мумкин.

Дунёдаги тинчлик ва барқарорликка мавжуд трансмиллий таҳдид ҳақида гапирадиган бўлсак, бунга жавоб чораси холис ва халқаро миқёсда бўлиши керак. Ўйлайманки, ШҲТнинг июнь ойида Остонада ўтказиладиган саммити трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масаласида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Хавфсизлик масалаларида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамиша ШҲТда, бошқа форумлар ва ташкилотларда реал ҳаракатлар амалга оширилиши тарафдори бўлиб келган. Биз ҳамиша хавфсизлик соҳасидаги муаммолар иқтисодий ривожланиш билан тўғридан-тўғри боғлиқлигини яхши тушунганмиз.

Шу туфайли, терроризм ва радикаллашувга қарши кураш фақат хавфсизлик чораларинигина эмас, балки барқарор иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик ва одамларнинг эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши зарур. Бу хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш йўлидаги илк қадам бўлади. Қачонки биз мамлакатимизнинг ҳудудий сиёсати ҳақида гапирар эканмиз, ҳамиша Ўзбекистон билан умумий чегараларга эга Афғонистонни ҳисобга оламиз. Биз барчамиз тушунамизки, Афғонистондаги вазият Марказий Осиё олдида муайян вазифаларни қўяди.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам Афғонистон муаммоси тезроқ ҳал қилинишидан манфаатдор ҳисобланади. Афғонистонда тинчликка эришиш учун аввало барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш зарур. Биз эса бу жараёнда иштирок этишимиз керак. Албатта, бу ўринда Афғонистондаги қўшма инфратузилмавий лойиҳалар муҳим ролни бажаради. Хусусан, Трансафғон транспорт йўлаги минтақа мамлакатларини Жанубий Осиё, Форс бўғози ва Яқин Шарқдаги портларга олиб чиқиши мумкин. Менимча, Афғонистонда энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатда тинчликка эришиш жараёнида муҳим омилга айланади.

Интервью якунида Ўзбекистон президенти Қозоғистон халқини Наврўз байрами билан табриклаган ва қозоғистонликларга фаровонлик тилаган.

«Ишонаманки, Қозоғистон Ўзбекистоннинг дўсти, ҳурматли Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг доно раҳбарлиги остида «Казахстан-2050» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришади ва Қозоғистон дунёнинг тараққий этган давлатлари қаторига киради. Бунга шубҳа йўқ. Наврўз кунларида Қозоғистондаги ҳар бир оилага фаровонлик, бахт, тинчлик ва равнақ тилайман», деган Шавкат Мирзиёев.

Top