17:05 / 13.12.2017
11423

Самарқанд ва Фарғонада меҳнат мигрантларини Россияга юбориш билан шуғулланувчи Марказ иш бошлайди

Фото: KUN.UZ

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Санкт-Петербург “Меҳнат ресурслари маркази” давлат автоном муассасаси билан ҳамкорликда Самарқандда меҳнат мигрантларини Россия Федерациясига юбориш бўйича Марказ ташкил қилинди. Яқин давр ичида Фарғонада ҳам ана шундай Марказ ташкил этилади. KUN.UZ мухбири 13 декабрь куни Агентлик томонидан ўтказилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида маълум қилмоқда.

Ўзбекистон янги шароитларда меҳнат мигрантлари муаммоларига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирди ҳамда уларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва улар фаолият юритаётган мамлакат тараққиётига қўшаётган улушини эътироф этмоқда. Ўз навбатида, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташқи меҳнат миграцияси борасида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

Жумладан, Агентлик томонидан бугунги кунда Россия Федерацияси, Польша, Жанубий Корея ва Япония давлатлари билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, Қозоғистон, Туркия, Уммон Султонлиги, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро англашув меморандумларини имзолаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича халқаро тажрибалар ўрганилмоқда. Қолаверса, хорижда ишлаш ниятини билдираётган фуқаролар учун юртимизда зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2003 йилда вилоятларда дастлаб Агентликнинг тўртта минтақавий бюроси фаолият юритган бўлса, ўтган давр мобайнида барча вилоятларда ва Қорақалпоғистон Республикасида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг филиаллари очилди. Японияга кетувчи фуқароларни кетиш олдидан ўқитиш ва кўниктириш маркази фаолият бошлади. Японияда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун кетадиган фуқаролар эндиликда ушбу масканда тайёрланиб, тил ўрганишади. Марказ фуқароларга бошланғич таълим бериш ва япон тили, маданияти, қонунларини ўрганишда яқиндан ёрдам беради.

Шу билан бирга,  Агентлик томонидан Санкт-Петербург “Меҳнат ресурслари маркази” давлат автоном муассасаси билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини Россия Федерациясига юбориш бўйича Самарқандда Марказ ташкил қилинди. Яқин давр ичида ана шундай Марказ Фарғонада ҳам ташкил этилади. 

Top