15:45 / 18.08.2017
49707

Халқ таълим вазири: Бор далага, деса, далага чопқиллаб чиқиб кетавермайди-ку?!

Кун.uz нашри Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан очиқ мулоқот ўтказди. Вазир таҳририят журналисти билан суҳбатда халқ таълими тизими ходимларининг меҳнатга жалб этилишида ҳокимликларнинг ўрни ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтариб ўтди.

“Ҳар бир инсон ўзининг ҳуқуқи, мажбурияти, бурчини тушуниши керак. Ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини тушуниши лозим. Биз қайси замонда яшаяпмиз? Бор далага, деса, далага чопқиллаб чиқиб кетавермайди-ку. У олий маълумотли, зиёли ўқитувчи-ку. Ўзининг ҳақини талаб қила олади. Раҳбарлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларни тайинлаш бу фақат якка ҳокимликнинг вазифаси эмас. Туман раҳбари бу вазир ваколатида. Туман Халқ таълими бўлими раҳбари менинг буйруғим билан тайинланади, албатта, ҳокимликнинг тавсияси билан. Камида уч номзод берилади. Мен улар билан суҳбатлашаман. Улар вазирликнинг буйруғи билан ишга қўйилади. Ҳокимлик уларни ишдан бўшата олмайди ҳам, тайинлаб қўйиша олмайди ҳам. Мактаб раҳбарларини тайинлаш – бу туман ҳокимларининг лавозимига кирмайди”, - дейди Иноятов.   

Маълумот учун, Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан очиқ мулоқотнинг тўлиқ шакли тез орада сайтда тақдим этилади.

Top