Ўзбекистон | 04:18 / 13.06.2020
8574
5 дақиқада ўқилади

Хусусий клиникалар Ўзбекистонда тиббиёт туризми ривожланишига туртки бўлади

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Тошкентдаги қатор объектларни бориб кўрди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Математика институтининг янги бинолари, олимлар учун қурилган уйлар билан танишди. Шунингдек, Олмазор туманидаги «NANO Medical Clinic» кўп тармоқли шифохонасига ҳам ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

Замонавий тиббиётнинг энг сўнгги янгиликларини ўзида жамлаган бу клиника номи бежизга қўйилмаган ва фаолиятининг асосида нанотехнологиялар, нуклеар тиббиёт ётади.

Кўп йўналишлар бўйича Марказий Осиёда ягона бўлган бу тиббий марказ Ўзбекистонда тиббий туризм ривожига ҳам ҳисса қўшиш салоҳиятига эга. Чунки бу масканда қўлланилаётган услублар қўшни давлатларнинг аксариятида ҳали жорий этилмаган, ривожланган давлатларда эса анча қиммат ҳисобланади.

Фото: Президент матбуот-хизмати
Фото: Президент матбуот-хизмати

Тиббий марказда радионуклид текширувига асосланган ядро тиббиёти ва интервенцион радиология жорий қилинган. Бу турли эндокрин ва онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашда катта самара беради. Ушбу йўналишлар Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) назоратида ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот-хизмати
Фото: Президент матбуот-хизмати

Бундан ташқари, Германия, Туркия, Россиядаги етакчи тиббий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Клиникада, шунингдек, суяк тўқимасининг минерал зичлигини аниқлашнинг диагностик усули ҳам муваффақиятли қўлланмоқда.

Давлат раҳбари ташрифи бўйича клиника бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, нуклеар тиббиёт мутахассиси Яҳёхўжа Носирхўжаев билан суҳбатлашдик.

«Президентимизга клиникамизнинг қурилиш услуби, ҳар бир қадам майдондан унумли фойдаланилгани ёқди. Шу жойнинг ўзида мутасаддиларга бу тажрибани бошқа қурилишларда ҳам қўллаш бўйича кўрсатмалар бердилар. Бундан албатта жуда хурсанд бўлдик», – дейди шифокор.

Фото: Президент матбуот-хизмати

– Тиббий марказдаги технологиялар замонавий экани намойиш этилди. Уларда ишловчи мутахассислар масаласи қандай?

– Ходимларимиз асосан ёш, изланувчан шифокорлар. Ҳозир пандемия туфайли бу тажрибамиз тўхтаб турган бўлса-да, уларни мунтазам хорижга – ривожланган давлатларга малака оширишга жўнатиб туришни жорий қилганмиз. Мен ўзим ҳам соҳам бўйича ҳар йили камида бир марта Австрияда ва бошқа давлатларда малака ошириб қайтаман. Замонавий тиббиёт шундайки, озгина бўшашсангиз, ортда қола бошлайсиз. Ходимларимиз буни яхши тушунадилар.

Қолаверса, қатор хорижий клиникалар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз ва уларнинг шифокорлари бизга мунтазам келиб турадилар.

Фото: Президент матбуот-хизмати

– Марказда гемодиализ бўлими ҳам бор экан. Бу бўлим айни муолажага бўлган катта талабни қондиришда қай даражада хизмат қилади?

– Давлат раҳбари бу бўлимга алоҳида эътибор бердилар, сабаби у киши гемодиализга эҳтиёжи бор беморлар сони кўплигини яхши билади.

«Беморларнинг маълум бир қисми бу ерга келиши давлат шифохоналаридаги навбатларни камайтиради. Бўлим фаолиятини кенгайтиринглар», – дея топшириқ бериб кетдилар. Чиндан ҳам клиникамиз фаолияти бошланганидан буён диализ бўлими узлуксиз ишламоқда, чунки эҳтиёж ниҳоятда катта.

– Нархлар-чи, бу муолажа қиммат эмасми?

– Ўзи аслида бу дунё бўйича ҳам қиммат муолажалардан бири ҳисобланади. Гемодиализ аппарати ишлаб чиқарувчи компаниялар саноқли ва ҳисоб-китобларга кўра, агар битта сеанс учун 200 АҚШ доллари ҳақ тўланса, бу ишдан фойда олиш мумкин. Аммо биз ижтимоий ҳисоб-китоб қилиб, 800 минг сўм нарх белгилаганмиз.

Қолаверса, хорижий ҳамкорларимиз билан ҳам шундай келишганмиз – бу муолажага талаб ошаверса, биз беморларга хизмат кўрсатиш сифатини пасайтирмай, аппаратлар сонини ошириб борамиз.

Тиббий марказимиз фаолияти фақат бизнес сифатида қаралмаслигига яна бир мисол – биз операцион блокимиз устига томоша зали қурмоқдамиз ва унда талабалар операция жараёнини энг майда жиҳатларигача экранларда аниқ кўриб туришади. Тиббиёт институтлари билан меморандумлар имзолаганмиз ва бу амалиётни йўлга қўямиз.

Фото: Президент матбуот-хизмати

– Нуклеар тиббиёт ўзига яраша мураккаб соҳа. Клиника биноси бу соҳа учун мослаштирилганми?

– Албатта. Бу йўналишда муолажалар қилиш билан бирга радиацион хавфсизлик масаласи ҳам ниҳоятда муҳим. Бу борада алоҳида ҳимояланган, ўзига хос жиҳозланган хоналаримиз бор, бемор муолажалардан кейин маълум муддат ўшаларда бўлади.

Бундан ташқари, биз суяклар касалликлари диагностикасида қўллаётган УЗИ денситометрия услуби хавфсиз бўлиб, уни ҳатто ҳомиладор аёлларда ҳам қўллаш мумкин.

  • Президент бу клиника қурилиши лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир метр ердан оқилона фойдаланиб, ҳамма жиҳатлар ҳисобга олингани, бошқа объектларни лойиҳалаштиришда буни ўрганиш кераклигини таъкидлади.
  • Ҳудудларда замонавий клиникалар ташкил этиб, тиббий хизматлар бўйича рақобатни, пировардида сифатни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
  • Ўзбекистонда хусусий клиникалар шуғулланиши мумкин бўлган ихтисосликлар 50тадан 129тага кўпайтирилди. Уларга 2022 йил 1 январгача солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган.
  • 2017 йилда хусусий тиббиёт муассасалари 3 454тани ташкил қилган бўлса, жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, 5 612тага етган. 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.

Мавзуга оид