10:00 / 07.12.2017
28147

Хитой корпорацияси Ўзбекистонда газ қазиб олишни бошлади

New Silk Road Oil And Gas қўшма корхонаси Бухоронинг Олот туманидаги Ҳожисаёт конида табиий газ қазиб олишни бошлади. 

New Silk Road Oil And Gas «Ўзбекнефтегаз» ва Хитой миллий нефтгаз уюшмаси (СNPC) ҳамкорлигидаги қўшма корхона ҳисобланади.

Томонлар ўртасида 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида  геология-қидирув лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тузилган келишув асосида ўтказилган ишлардан кейин Бухоро вилояти ҳудудида Қоракўл блокида 3та кон борлиги аниқланган:  Ҳожисаёт, Ҳожидавлат ва Шарқий Олот.

Шундан сўнг, томонлар «New Silk Road Oil & Gas» МЖЧни ташкил этишган. 

Кейинчалик компаниялар «Шарқий Олот» ва «Хўжасаёт» конларини ўзлаштиришга, шунингдек, янги қудуқларни бурғилашга, амалдагисини таъмирлаш ва узунлиги 43 километр бўлган газ қувурини қуришга киришади.

Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосига кўра, 2020 йилгача қўшма корхона йилига 1 млрд кубометр газ қазиб чиқариш имкониятига эга бўлади. Мамлакат ички бозори учун 6,5 минг тонна газ конденсатини ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

2014-2019 йиллар давомида бу лойиҳа учун 277,3 млн доллар инвестиция жалб этилади.

Top