11:21 / 26.11.2017
54088

Самарқандда «Samarkand City» ақлли шаҳри ва олимпия шаҳарчаси бунёд этилади

Самарқанд вилоятида 2017 йилги ҳосил йиғиштириб олиш мавсуми муваффақиятли якунлангани муносабати билан Самарқанд шаҳри яқинидаги эшкак эшиш канали яқинида катта ҳосил байрами — халқ сайли ўтказилди.

Ҳосил байрами кун бўйи давом этди ва унинг кечки дастурида вилоят ҳокими Туробжон Жўраев фермерлар ва деҳқонларга йил бўйи қилинган самарали меҳнат учун миннатдорчилик билдириб табрик йўллар экан, келгусида вилоятда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари ҳақида қисқача маълумот берди.

«Ҳосил байрамининг бугун эрталаб ўтказилган жойи — эшкак эшиш канали ҳудудида 1660 гектар ерда Самарқанд шаҳрининг бутунлай янги маркази, ақлли Самарқанд Сити шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. Эшкак эшиш канали ҳудудида Осиё ўйинлари даражасидаги халқаро спорт турнирларини бемалол қабул қила оладиган Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади.

Вилоятда зиёратчилик туризмини ривожлантириш учун ҳам кенг қамровли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Хусусан, Пайариқ туманидаги Имом ал-Бухорий мажмуаси атрофида 27 та 7 қаватли меҳмонхоналар бунёд этилади ва бутун дунёдан келадиган зиёратчиларни қабул қилиш учун шароит ҳозирланади», — деди Т.Жўраев.

Top