20:37 / 02.05.2015
2357

Ўзбекистон ва Жанубий Корея Молия вазирлиги Тошкентда мажлис ўтказди

Screenshot_1 Kun.uz: Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 1 май куни Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси молия вазирларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакатнинг молия, ташқи иқтисодий алоқалар, нефть ва газ, савдо, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тўқимачилик, енгил саноат, қимматли қоғозлар, соғлиқни сақлаш, фан, таълим каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов ва Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, cтратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хван мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий, молиявий ва сармоявий соҳаларда муттасил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. 2014 йилнинг июнь ойида Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга давлат ташрифи ўзаро кўп қиррали муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқди. Мамлакатларимиз катта иқтисодий салоҳият ва имкониятларга эга. Бу борада икки давлат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-саноат, сармоя, нефть-газ, кончилик, машинасозлик, тўқимачилик, логистика, кимё саноати, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланган. Инвестиция соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик кўлами ҳам изчил кенгаймоқда. Жанубий кореялик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билан инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этаётир. Улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда иш юритмоқда. Анжуманда Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, сармоя киритишнинг истиқболлари, иқтисодий зоналардаги қулайликлар ва имтиёзлар хусусида сўз юритилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун икки томон ҳам улкан имкониятларга эга экани қайд этилди. "Олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Жанубий Корея бундан кейин ҳам Ўзбекистонда иқтисодиётни янада ривожлантириш, саноатни модернизациялаш каби соҳаларда амалга ошириладиган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этади. Ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлигимиз муттасил кенгайиб, мустаҳкамланиб бораверади", дейди Чой Кёнг Хван. Мажлисда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган стратегик аҳамиятга эга йирик қўшма лойиҳалар ва уларнинг ижроси, шунингдек, молия, сармоя, саноат ва савдо, ёқилғи-энергетика, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди. Мажлис якунида Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, cтратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хванга Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Фахрий доктори унвони топширилди. xab-4
Top