17:14 / 04.05.2015
1727

ЕХҲТ ўзбекистонлик милиционерлар учун одам савдосига қарши кураш бўйича семинар ўтказди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги милиция ходимлари учун одам савдосига қарши курашни кучайтириш масалалари бўйича семинар ўтказди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермоқда. Семинарда Ўзбекистоннинг аэропорт ва темирйўл вокзалларида фаолият олиб борувчи 25 нафар милиция ходими иштирок этган бўлиб, машғулотларни Британиядан келган экспертлар олиб борган. Экспертлар суриштув олиб боришнинг махсус услублари, хусусан, одам савдосининг эҳтимолий қурбони билан скрининг-интервью олиб бориш, шунингдек, далилларни тўплаш борасидаги амалий тажрибалар билан ўртоқлашишган. ЕХҲТ маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар эркаклар меҳнати асосан Қозоғистон ва Россияда эксплуатация қилинмоқда, ўзбекистонлик аёллар эса БАА, Туркия, Исроил, Жанубий Корея, Таиланд, Греция, Малайзия ва Ҳиндистонда жинсий қулга айлантирилмоқда.
Top