07:30 / 04.05.2015
2122

Ўзбекистоннинг энергияни тежаш салоҳияти йилига 23 млн тонна нефть эквивалентига баҳоланмоқда

lep-02 Kun.uz: Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон электр энергетикаси сектори, коммунал хўжалик, иморатлар секторида энергия самарадорлигини оширишнинг катта салоҳиятига эга. Ўзбекистоннинг энергияни тежаш салоҳияти йилига 23 млн тонна нефть эквивалентига баҳоланмоқда. Унинг ишлатилиши натижасида иссиқхона газларининг чиқарилишини 40 млн тоннага қисқартириш мумкин. Энергияни тежаш энергия ва энергия захираларига ўсаётган талабни таъминлаш усули сифатида электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи янги қувватларни қуришдан кўра 2-5 марта унумлироқ ҳисобланади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодиётнинг кўп энергия сарфловчи секторларига энергия самарадорлик бўйича комплекс тадбирларни татбиқ қилиш ҳисобига 30-40 фоиз бирламчи энергия захираларини ёки 16-21 млрд куб метр табиий газни тежаб қолиш мумкин. Айни пайтда БМТнинг Ўзбекистондаги Ривожланиш дастури ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликдаги иш доирасида миллий иқтисодиётнинг учта энг кўп энергия сарфловчи секторлари бўйича паст углеродли ривожланиш стратегияси лойиҳаси ва 2030 ва 2050 йилларга қадар чора-тадбирлар дастурига эга тегишли йўл харитаси тайёрланди. Ўзбекистонда айни пайтда электр энергетиканинг анъанавий секторида энергия самарадорликни ошириш доирасида амалга оширилаётган иссиқлик станцияларида электр энергияни ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш, электр тармоқларда йўқотишларни камайтириш ва бошқа чоралар ҳисобига 2030 йилга қадар 6,8 млн тонна нефть эквиваленти ва 2050 йилга қадар 27,3 млн тонна нефть эквивалентида энергия захираларини тежашга эришиш мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатнинг энергия балансида тикланувчи энергия манбалари улушини 19-23 фоизга етказиш ёқилғи-энергетик захираларни 2030 йилга қадар 3,3 млн тонна нефть эквиваленти ва 2050 йилга қадар 5,9 млн тонна нефть эквиваленти ҳажмида тежаш имконини беради. xab-4
Top