11:58 / 06.05.2015
4582

Франция Россия учун ясалган “Мистрал”ларни чўктириши мумкин

Франция расмийлари Россия учун ясалиб, етказиб берилмаган “Мистраль” вертолёт ташувчи кемаларининг тақдири устида ҳамон бош қотирмоқда.
Le Figaro газетаси таҳлилчиси Изабель Лассернинг мақоласида ёзилишича, кемалар чўктириб юборилиши мумкин.
“Мистрал”лар бўйича товон пули тўлаш масаласи ҳал қилинган бўлса, кемаларнинг кейинги тақдири нима бўлиши мутасадди шахслар учун ҳақиқий бош оғриғи бўлиб турибди, - дейилада мақолада. – Айримлар кемаларни йўқ қилишга тарафдор бўлиб турибди. Уларни демонтаж қилиш ва ҳатто очиқ денгизда чўктириб юбориш таклиф қилинмоқда”.
Таҳлилчининг ёзишича, кемаларни сув остига ғарқ қилиш масаланинг энг тежамкор ечимидир. Аммо бу айни пайтда кемаларни ясаган ишчиларнинг меҳнатига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланиши ҳам мумкин.
Шунингдек, Лассернинг фикрича, “Владивосток” ва “Севастополь” кемаларининг Франция ҳарбий денгиз кучлари ихтиёрига топширилиши ҳам эҳтимолдан узоқ. Биринчидан, Франция ҳарбий харажатларни қисқартирмоқчи. Иккинчидан, кемалар Россия ҳарбий стандартлари бўйича қурилган, уларни француз стандартларига қайта мослаштириб чиқиш эса янги юз миллионлаб евро сарфлашни кўзда тутади.
Шу тариқа, масаланинг энг тўғри ечими кемаларга янги харидорлар топишдир. Уларни Канада ва Миср сотиб олиши мумкинлиги айтилмоқда.

Top