04:36 / 07.05.2015
2521

Ўзбекистонда болалар боғчаларини тўлиқ таъмирлаш бўйича энг йирик лойиҳа ишга туширилди

Ўзбекистон ҳукумати мактабгача таълим муассасаларига қаратилган мустақиллик йилларидаги энг йирик лойиҳани амалга оширишни бошлади. Жорий йилда 273та болалар боғчаси таъмирланади.

Лойиҳа “Соғлом бола йили” давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган 2015-2020 йилларга мўлжалланган мактабгача таълим дастурига киради.

Мамлакатимизда 4930та давлат болалар боғчаси мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятининг бинолари ва майдонлари капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш зарур ҳолатга келиб қолган. Халқ таълими вазирлиги бу муаммони 5 йил ичида ҳал қилишни режалаштирмоқда. 

“Жорий йилда 273та мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш режалаштирилган. Бир вақтнинг ўзида уларни янги мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш муаммоси ҳам ҳал қилинади. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимиятлари бу мақсадлар учун умумий миқдорда 1667, млрд сўм йўналтиради”, деб айтиб ўтди вазирлик бўлим бошлиғи Сабоҳат Миржалилова.

“5 йил ичида бизлар барча имкониятлардан фойдаланиб, болалар боғчаси тарбияланувчилари сонини 23 фоиздан 45 фоизгача кўтармоқчимиз. 2015 йилда эътиборни қисқа муддатли гуруҳлар ташкил қилишга қаратдик. Бундай гуруҳларда тарбиячилар ва уларнинг ёрдамчилари болаларни мактабга тайёрлайдилар. Ушбу гуруҳлар асосан ишлатилмаётган мактабгача таълим муассасалари негизида яратилади”, деб қўшимча қилди Сабоҳат Миржалилова.

“Болалар билан ишлашни ҳам такомиллаштиришни давом эттирамиз. Бу йилда ўз ичига ўқитиш, ҳар томонлама интеллектуал, маънавий, эстетик ва жисмоний ривожланишни ўз ичига олувчи таълим талабларига мувофиқ болаларни мактабларга тайёрлашнинг тубдан янги дастурларини татбиқ этишга тайёргарлик кўрамиз. Болалар билан ишлашда психолог ва дефектологларнинг мажбурий иштирок этиши ҳам кўзда тутилган”, деб ўз сўзларини якунлади мутахассис.

Top