07:09 / 12.05.2015
3936

Россия АҚШ билан муносабатларнинг яхшиланишига умид билдирмоқда

Россия АҚШ Давлат котибининг Россияга ташрифи “глобал барқарорлик кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган бу давлатларнинг икки томонлама муносабатларининг яхшиланишига кўмак беради”, деб умид билдирмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот ва матбуот департаменти тарқатган баёнотда айтилмоқда.

АҚШ Давлат котиби 12 майда Россияга ишчи сафар билан келади ва Сочида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокара ўтказади. “Икки томонлама муносабатларнинг жорий масалалари ва долзарб халқаро муаммолар бўйича фикр алмашиш режалаштирилмоқда”, дейилмоқда вазирлик берган хабарда. 

“Айни пайтда Россия-АҚШ муносабатлари ўзининг оғир дамларини ўтказмоқда. Бу Вашингтонннинг аниқ мақсадга йўналтирилган нодўстона ҳаракатлари туфайли юз бермоқда. Барак Обама маъмурияти кўп жиҳатдан АҚШ томонидан келтириб чиқарилган Украинадаги инқироз учун жавобгарликни Россияга асоссиз юклаб қўйиб, 2014 йилда икки томонлама муносабатларни йиғиштириб қўйиш йўлидан кетди ҳамда Россияни халқаро саҳнада “яккалаб қўйиш” йўналишини эълон қилди ва анъанавий тарзда Вашингтоннинг орқасидан эргашувчи давлатлардан ўзининг Россияга қарши қадамларини қўллаб-қувватлашларини талаб қилди”, дейилмоқда вазирликда.       

“Вашингтон россиялик жисмоний шахслар, компаниялар, банклар ва ташкилотларга халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келувчи виза ва мулкий санкциялар эълон қилди. Бизнинг чегараларимизга Шарқий Европада қуролли кучлар контингентини ошириш, бу минтақада АҚШ ракета ҳужумига қарши мудофаасининг муҳим элементлари ҳамда Қора денгизда мунтазам равишда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларининг пайдо бўлишини ўз ичига олувчи НАТО ҳарбий инфратузилмаси изчиллик билан олиб келинмоқда”, деб қўшимча қилинмоқда вазирликда.

“Бу санкцияларга қарши жавоб беришга, бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш учун чора-тадбирлар қабул қилишга тўғри келинмоқда. Бироқ шу билан бирга АҚШ билан манфаатларимизга ва халқаро хавфсизликни таъминлаш борасидаги вазифаларимизга мос келувчи йўналишлар бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттирмоқдамиз. Хусусан, 2014 йилда Суриядан кимёвий қуролнинг барча компонентларини олиб чиқиб кетиш бўйича икки томонлама келишув амалга оширилди. Эрон ядро дастури бўйича вазиятни ҳал қилиш бўйича музокаралар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз, натижада Россия томонидан билдирилган изчиллик ва ўзаро манфаатлилик асосида келишувлар ишлаб чиқишга яқинлашилди”. 

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, АҚШ бизнеси ҳаттоки Оқ уй прессинги остида ҳам Россия бозоридан кетишга шошилмаяпти ва ҳамкорликни давом эттиришга катта қизиқиш билдирмоқда. “Россияга катта сармоялар киритаётган “Боинг”, “Форд”, “Жон Дир”, “Алкоа”, “Кока-Кола”, “Пепсико”, “Марс”, “Эксон-Мобил”, “Шеврон”, “Коноко-Филлипс” ва бошқа компаниялар Россияда ўз ўринларини сақлаб қолишни хоҳламоқдалар. Санкцияларга қарамасдан, 2014 йилда икки томонлама савдо ҳажми 2013 йилга нисбатан 5,6 фоизга ўсиб, 29,2 млрд долларгача етган”, дейилмоқда вазирлик берган баёнотда.

Top