16:34 / 14.05.2015
2509

Ўзбекистонда иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди

Тошкентда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш” лойиҳасининг якунлари муҳокама этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Семинарда БМТ Тараққиёт дастурининг Марказий Осиёдаги минтақавий дастурий координатори Егор Воловик ва бошқалар лойиҳа доирасида бажарилган ишлар натижалари хусусида сўзлаб берди. Мазкур лойиҳа Қашқадарё вилоятида амалга оширилди. Бу ерда маҳаллий мутахассислар ва халқаро экспертлар томонидан сувни тежаш ва қурғоқчиликнинг салбий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирлари кўрилди. Вилоятда сув тежайдиган суғориш қурилмалари билан таъминланган иссиқхоналар барпо этилди. Иссиқхоналардан бири Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти базасида ташкил этилган иқлим ўзгариши ва иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш масалалари бўйича ахборот-ресурс марказининг тажриба лабораториясига айлантирилди. Ушбу лабораторияда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар етиштирилмоқда.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги секторининг асосий субъектлари бўлган фермер хўжаликлари ҳам лойиҳанинг диққат марказида бўлди. Уларга экин майдонларини лазер ёрдамида режалаштириш асбоб-ускуналари ажратилди. Юздан зиёд фермерга ушбу жиҳозлардан фойдаланиш ўргатилиб, тегишли амалий тавсиялар берилди. Сув танқислиги ва қурғоқчиликнинг салбий оқибатларини юмшатишга доир амалий фаолиятга кенг жамоатчиликни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Top