16:45 / 20.05.2015
2126

Озарбайжон ФВВ раҳбари Бокудаги ёнғин туфайли Ўзбекистонга ишчи ташрифини эрта якунлади

Озарбайжон Фавқулодда вазиятлар вазири Камолиддин Гейдаров Ўзбекистонга ишчи ташрифини барвақт якунлади ва Бокуга қайтди.

«Озарбайжон ФВВ раҳбари сешанба куни ишчи ташрифи билан Ўзбекистонга йўл олганди. Аммо сешанба куни бир неча қурбонлар бўлишига олиб келган Бокудаги ёнғин туфайли К.Гейдаров Ўзбекистонга ташрифини тўхтатди ва Озарбайжон пойтахтига қайтди», — дейилади Озарбайжон ФВВ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Камолиддин Гейдаров Ўзбекистон ФВВ билан ҳамкорлик келишувини имзолаш учун Тошкентга келганди.

19 май куни 16 қаватли уйда юзага келган ёнғин туфайли 16 киши ҳалок бўлди ва 64 киши жабрланди, уларнинг 54 нафари шифохонага ётқизилди. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ёнғин сабабларини ўрганиш учун давлат комиссияси тузди ва бош вазир Абид Шарифовни комиссияга раҳбар этиб тайинлади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари 19 май, сешанба куни ёнғин содир бўлган кўп қаватли бинонинг деворини қоплаш ишлари билан шуғулланган Global Construction компанияси раҳбарини қўлга олди.


Top