09:05 / 22.05.2015
1772

Сенатда Индонезия делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистонга ташриф буюрган Индонезия Республикаси парламенти Минтақалар вакиллари кенгаши раиси Ирман Гусман раҳбарлигидаги делегация аъзолари 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашди

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги алоқалар кўплаб жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. 

Индонезия Ўзбекистоннинг Жануби-шарқий Осиёдаги муҳим ва истиқболли шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўзаро савдони ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш соҳаларида улкан имкониятларга эга. 

Учрашувда томонлар парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт ва сайёҳлик соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Меҳмонлар Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, парламент ваколатларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларига юксак баҳо берди. 

"Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи мамлакат. Мамлакатингиз билан барча соҳаларда, жумладан, иқтисодий жабҳада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Сайёҳлик соҳаси Индонезия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларидандир. Юртингизда жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар яшаб ижод қилган. Ўзбекистонга келиш, қадимий шаҳарларингиз ва тарихий обидаларингизни зиёрат қилиш истагида бўлган индонезияликлар кўп. Юртингиздаги тинчлик-осойишталик, ривожланган туризм инфратузилмаси бунинг учун кенг имконият яратади", – дейди Ирман Гусман. 

Индонезия делегацияси аъзолари Ўзбекистон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ташриф буюрди. Ҳазрати Имом мажмуида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. 

Top