15:47 / 23.05.2015
2241

«Арсенал» мухлиси Буюк Британия қироличасидан ўйинга чипта олиб беришни сўради

«Арсенал» мухлиси Чарли Пирс Буюк Британия қироличаси Елизавета Иккинчидан «тўпчилар»нинг «Астон Вилла»га қарши ўтадиган Англия кубоги финали ўйинига чипта олиб беришини сўради.

Кассадан чипта сотиб олишга улгурмаган Пирс финал ўйинига кириш мақсадида Букингем саройига мурожаат қилди, бироқ хушмуомала тарзда рад жавобини олди.

«Қиролича ўзининг севимли клуби бўлган ‘Арсенал"га қизиқишингизни қадрлайди ва миннатдорчилик билдиради. Сизнинг ўзингиз ва дўстингиз Лео Мерфи учун иккита чипта олиб бериш ҳақидаги мурожаатингиз диққат билан кўриб чиқилди, бироқ афсуски, Зоти Олиялари Сизга ёрдам бера олмайди», − дейилади жавобда.

Шунингдек, унга барча яхши тилаклар изҳор қилинган ва барибир ушбу ўйинни кўра олишига умид билдирилган.

Қайд этиш жоизки, футбол қироличанинг азалий ҳоббиси ва у "Арсенал" мухлиси ҳисобланади. У биринчи марта 1953 йилда «Болтон» ва «Блекпул» ўртасидаги футбол ўйинини томоша қилиш учун ўйингоҳга тушган.

Маълумот учун, Англия Кубоги финали 30 май куни Лондондаги «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади. Унда иштирок этувчи жамоалар – «Арсенал» ва «Астон Вилла» мухлислари учун 25 мингтадан чипта ажратилган.

Top