14:32 / 25.05.2015
9833

Хайр, мактаб – салом, коллеж!

Бизга битирувчилар эмас, мактаб
таълими ва тарбиясини кўрган шаxслар керак.
Ислом КАРИМОВ

Мустақиллик йилларида муҳтарам Президентимиз томонидан таълим тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан, мактаб таълимини ривожлантириш, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугун республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида “Хайр, мактаб – салом, коллеж!” тадбирлари “Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остида кўтаринки руҳда ташкил этилиб, тадбир моҳиятини битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишга йўналтирилди. Тадбирларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, мактабнинг собиқ битирувчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирларда фахрий устоз-мураббийлар, педагог ва ота-оналар мустақиллик йилларида мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар, ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталди.
Ўз қобилияти ва иқтидори билан билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, турли спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, устозлари ва ота-оналар ишончини оқлаган ўқувчилар алоҳида тақдирланди. Шунингдек, “Энг ибратли ўқувчи”, “Энг фаол ўқувчи”, “Ижодкор ўқувчи”, “Ёш ихтирочи”, “Мактабимиз фахри”, “Спорт устаси”, “Компьютер устаси”, “Энг ораста қиз” каби номинациялар бўйича иқтидорли ва намунали ўқувчилар тақдирланди.
Шунингдек, тадбир давомида Президентимизнинг 2015 йил 9 май куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатда билдирилган вазифаларни ўқувчи-ёшларга етказишга, ёшлар онгида Ватанга муҳаббат, кекса авлод вакилларига ҳурмат, тинчлик ва осойишталикка дахлдорлик туйғуларини кучайтириш ҳамда “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир ниҳоясига етгач, барча мактаб битирувчилари ўз қизиқиши бўйича танлаган академик-лицей ва касб-ҳунар коллежига ота-оналари билан бирга ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Айтиш жоизки, 2014-2015 ўқув йили давомида умумтаълим мактабларининг 9-синфини тугатаётган 483 минг нафар ўқувчини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш мақсадида бир неча бор “Сўровнома”лар ўтказилиб, уларнинг академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттириш истаги аниқланди. Сўровнома натижаларига кўра битирувчиларнинг 42 минг нафари (8,7%) академик лицейларда, 441 минг нафари (91.3%) эса касб-ҳунар коллежларида ўқиш ниятида эканини билдирган.
9-синф битирувчилари учун “Мен танлаган касбни-келажак ҳаётимдаги ўрни” мавзусида иншолар танлови, “Касблар фестивали”, “Очиқ эшиклар куни”да ўзи яшаб турган ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари, фермер ҳўжаликлари, таълим муассасаларига саёҳат ва экскурсиялар ташкил этилди.

Қисқа сатрларда:
• Халқ таълими вазирлиги тизимида 9698 та умумтаълим мактаби, 4930 та мактабгача таълим муассасаси, 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 490 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 211 та “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолият кўрсатмоқда;
• 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида умумтаълим макталарининг 95 нафар ўқувчиси турли халқаро мусиқа танловларида фахрли ўринларга сазовор бўлди;
• 2014 йилда 56 та нуфузли халқаро спорт тадбирларида жами 469 нафар (шундан 171 нафари қизлар) ўқувчиларимиз иштирок этиб, 126 та олтин, 105 та кумуш ва 160 та бронза медалларини қўлга киритишди;
• Жорий йилда 3 нафар умумтаълим мактабларининг иқтидорли қизлари Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди;
• 2014 йил инвестиция дастурига мувофиқ 381 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, жами 3024 та умумтаълим мактаблари мебель ўқув-лабаратория асбоб-ускуналари, компьютер техникалари ва спорт анжомлари билан жиҳозланди;
• 2014-2015 ўқув йилида 605 номдаги 34,5 млн. нусха дарсликлар чоп этилиб, умумтаълим мактабларига етказиб берилди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати
Телефон: 239-17-35, 239-42-14,
www.uzedu.uz, press@xtv.uz

Top