22:30 / 28.05.2015
6556

Ислом Каримовнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентимизнинг Корея Республикаси мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қарийб 170 минг одам хоки қўйилган Миллий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилиши билан бошланди. 

Давлатимиз раҳбари ватанпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, Ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.

Ислом Каримов билан Пак Кин Хэнинг тор доирадаги музокарасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

Ислом Каримов Ўзбекистон учун Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ишончли стратегик шерик эканини, очиқлик, ўзаро англашув ва манфаатларга ҳурмат асосида қарор топган ҳамкорликни юксак қадрлашини алоҳида таъкидлади. Жанубий Корея юксак даражада ривожланган, улкан иқтисодий, илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида дунёда эътибор қозонганини қайд этди. 

Пак Кин Хэ Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Жанубий Кореяга келгани ушбу мамлакат халқи учун қувончли воқеа, томонларнинг олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттириш ва янада ривожлантиришга қатъий интилиши ифодаси бўлганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўлам касб этган. Савдо, сармоя, экспорт-импорт, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳаларни қамраб олган. 

Савдо-сотиқ соҳасида мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзбекистонда кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 68 таси тўла ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Юртимизда Жанубий Кореянинг 79 компанияси ваколатхоналари очилган. 

2014 йили Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган битим ва келишувлар ўзаро ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади. Ўтган йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошди. 

Музокарада томонлар олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. 


Учрашув якунида Президентлар Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига муносиб баҳо берилган ва истиқболдаги устувор йўналишлари белгиланган Қўшма декларацияни имзоладилар. 
Президентимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифи тафсилотлари мазкур мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда. 


Top