17:32 / 29.05.2015
6700

Жиззах вилоятида япон технологиялари бўйича тикув машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

“Жиззах” махсус индустриал зонасида “Juita Gulshana Invest” МЧЖ Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ўз фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда Жиззах вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Янги корхона япон технологиялари бўйича тикув машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Корхона қуввати йилига 15 минг тикув машинасини ташкил қилади, улардан бир қисми экспортга юборилади. Корхонага “Ўзбекенгилсаноат” ДАК ва Хитойнинг Zhejiand Juita Sewing Machine Co.LTD компаниялари томонидан асос солинди.

Ушбу корхонани яратиш учун 3 млн доллар сарфланди. Бу йилда бир неча турдаги 10 минг дона замонавий тикув машиналари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 2013 йил 18 мартда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Жиззах вилояти ҳудудида Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида филиалга эга бўлган янги “Жиззах” махсус индустриал зонасини ташкил қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

“Жиззах” махсус индустриал зонаси кейинчалик муддатини узайтириш имконияти билан 30 йил давомида фаолият юритади. Бу давр мобайнида махсус индустриал зона ҳудудида алоҳида солиқ тартиби ўрнатилади, божхона имтиёзлари амалга қилади.

Бугунги кунга келиб махсус индустриал зонада умумий қиймати 30,9 млн долларни ташкил қилувчи 8 та лойиҳа амалга оширилди.

Top