09:31 / 29.05.2015
2229

Ўзбекистонга Таиланд делегацияси ташриф буюрди

Ўзбекистонга Таиланд Қироллигининг инвестициялар бўйича кенгашининг хорижда Таиланд инвестицияларига кўмак бериш бўлими ижрочи директори Чоллада Ариражжакул бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Ариражжакулга Таиланд вазирликлари ва бошқармалари вакиллари, таиландлик тадбиркорлар ҳамроҳлик қилди.

Таиланд делегацияси ташрифи доирасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликларида, Савдо-Саноат палатаси ва турли компанияларда учрашувлар ўтказди.

Делегациянинг ташрифидан мақсад республикамиз билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини ва иқтисодиётимизга Таиланд инвестцияларининг киритилиши масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Айни вақтда таиландлик тадбиркорлар Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар киритишни режалаштирмоқда ва улар ушбу ташриф доирасида республикамизнинг инвестицион имкониятлари ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Таиланд делегацияси раҳбари Чоллада Ариражжакулнинг айтишича, тоғ-кон ва нефть-кимё саноатлари, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, муқобил энергетика соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳисобланади. Шунингдек, сайёҳлик соҳасида ҳам алоқаларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Top