07:49 / 30.05.2015
2554

Назарбоев барча қийинчиликларга қарамасдан ЕОИИ порлоқ келажакка эгалигини айтмоқда

Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳозирда тўқнаш келаётган қийинчиликларга қарамасдан, катта келажакка эга деб айтди, МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарлари учрашувида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

ЕОИИ Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд негизида ташкил этилган халқаро ингеграцион иқтисодий уюшма бўлиб, жорий йилнинг 1 январидан ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирда ташкилотга Россия, Арманистон, Беларусь ва Қозоғистон аъзо ҳисобланади, 29 майда уларга Қирғизистон ҳам қўшилди.

Назарбоев МДҲ давлатларининг интеграциясидан бошқа муқобил вариантни кўрмаётганини айтди. “Ҳар доим айтганман, МДҲ жуда катта салоҳиятга эга. Ҳукуматлар раҳбарларининг учрашуви катта қийматга эга, бироқ ҳозир ҳамма инқироз, экспорт маҳсулотларига нархларнинг тушишини бошидан кечираётганда, буларнинг барчаси биргаликда ишлашни ва бирлашишни талаб қилади. Агар барча сиёсий вазиятларга эътибор берилмаса, интеграциядан бошқа вариант йўқ”, деб айтди Назарбоев.

МДҲ давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши Қозоғистонда 29 майда бўлиб ўтди. МДҲ давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари молиявий-иқтисодий соҳада долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар режасини ҳамда халқаро ташишларни амалга оширишда транспорт хавфсизлигини таъминлаш стратегиясини имзолашди.

МДҲ давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг кейинги йиғилиши Душанбеда 30 октябрда бўлиб ўтади.

Top