15:55 / 01.06.2015
1909

Қозоғистон бош вазири ўринбосари газ захираларининг 83 йилга етишини айтди

Қозоғистон замини яна 83 йил мобайнида аҳолига газ бериб тура олади. Бу ҳақда “Қозоғистон нефть-газ секторини ривожлантириш муаммолари” мавзуидаги парламент эшитувлари чоғида мамлакат бош вазирининг ўринбосари Бақитжан Сағинтаев баёнот берди.

“Мамлакатда газ қазиб олиш шиддат билан ўсиб бормоқда, у йилига 43.2 млрд кубометрни ташкил қилмоқда ва, геологик ресурсларни эътиборга олган ҳолда, бу сон янада кўпайиши мумкин. Жаҳон энергетикасининг йиллик статистик шарҳига таянсак, қазиб олиш ҳажмлари ўзгармаган тақдирда Қозоғистон гази яна 83 йилга етади. Ҳукуматнинг бу йўналишдаги хатти-ҳаракатлари асосан газ инфраструктурасини ривожлантириш ва жанубий минтақаларга газ етказишни диверсификация қилишга қаратилган”, – унинг сўзларини келтиради Zakon.kz нашри.

Сағинтаевнинг сўзларига қараганда, Қозоғистонда газ соҳасини ривожлантиришнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган концепцияси амалга оширилмоқда. Мамлакатни газлаштириш схемаси ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, 2030 йилга келиб аҳолининг газлаштирилиш улуши 42 фоиздан 56 фоизга етади, газлаштирилган аҳоли пунктлари сони эса 1150дан 1600га етади. Истеъмол қилинувчи газ ҳажми 2014 йили 12.4 млрд кубометрни ташкил қилган бўлса, 2030 йили 18 млрд кебометрга етади.

Top