16:17 / 02.06.2015
2997

“Бойқўнғир” космодроми 60 йиллигини нишонламоқда

Бугун, 2 июнь куни дунёдаги илк ва энг йирик космодром – “Бойқўнғир” космодроми ўзининг 60 йиллигини нишонламоқда. Космодром расман 1955 йил 2 июнда очилган.
Ушбу муҳим санани нишонлаш муносабати билан Қозоғистон бош вазири Вохиджон Соғинтоев Бойқўнғир шаҳри аҳолисини табриклади.

“Ҳурматли, бойқўнғирликлар! “Бойқўнғир” космодромининг тарихий ва илмий-техник муҳимлигини англаган ҳолда Қозоғистон ва Россия уни сақлаб қолишга муваффақ бўлди ва уни янада ривожлантириш бўйича иш олиб бормоқда. Қозоғистон ва Россия президентларининг қўллаб-қувватлаши туфайли “Бойқўнғир” космодроми дунё космонавтикаси ривожланишининг олдинги сафида, икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликнинг ёрқин исботи бўлиб қолмоқда”, деб мурожаат қилди шаҳар аҳолисига Соғинтоев муҳим санага бағишланган тантанали маросимда.

Маълумот учун, 1961 йил 15 апрелда “Бойқўнғир” космодромидан “Восток-1” космик аппарати коинотга кўтарилган. Бу ракетада Юрий Гагарин тимсолида илк бор одамзод коинотга парвоз қилган. Бу ердан ўта оғир синфдаги “Энергия” ракета-ташувчиси, илк бор Ой сиртига қўнган “Луна-2” қурилмалари учирилган.

“Бойқўнғир” кўплаб йиллардан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳолда бугунги кунда дунё космодромлари ичида етакчи ўринни эгалламоқда. Дунёдаги барча ракета парвозларининг бешдан бир қисми ушбу космодромга тўғри келади. Космодромнинг бутун тарихи давомида ундан 2500 дан кўпроқ марта ракета, 1500 дан ортиқ қосмик қурилмалар коинотга учирилган. Қарийб 30 та давлатдан 160 нафар фазогир ушбу космодромдан коинотга парвоз қилган.

Top