21:35 / 04.06.2015
2132

Хитойда Марказий Осиёга йўналтирилган метрология маркази очилди

3 июнь куни Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор туманининг маъмурий маркази ҳисобланган Урумчи шаҳрида Марказий Осиёга йўналтирилган метрология маркази ўз ишини бошлади.

Ушбу марказни яратишдан мақсад Хитой метрология усуллари ва стандартларининг Марказий Осиё давлатлари бозорларида нуфузини ошириш, халқаро савдода технологик тўсиқларни бартараф этишни технологик томондан таъминлашни тақдим қилиш ва “хорижга чиқиш” стратегиясини амалга оширишда Хитой корхоналарини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Марказ Хитой метрология илмий-тадқиқот институти томонидан Маҳсулотларнинг сифатини техник назорат қилиш Синьцзян бошқармаси билан ҳамкорликда очилган. Бу марказ метрология-ўлчаш технологиялари соҳасида Марказий Осиё бозорларига чиқувчи Хитой корхоналарига хизмат кўрсатиш, Марказий Осиё давлатларида реал шароитга мослаштирилган метрологик стандартларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш, метрология соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро келишувларда иштирок эта олувчи метрология соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун мўлжалланган.

Хитой Метрология илмий-тадқиқот институти директори Фан Сяннинг айтишича, ушбу марказнинг яратилиши Ипак йўли иқтисодий минтақаси концепцияси тамойилини амалга оширишда муҳим қадамлардан бири бўлди. Сян марказ Синьцзяннинг янги Ипак йўлида асосий ҳудудга айланишида катта ҳисса қўшишига умид билдирмоқда.

Top