12:50 / 04.06.2015
2134

Ёз мавсумида Тошкент вилоятидаги оромгоҳларда 42500 нафардан ортиқ болалар соғломлаштирилади

Оромгоҳларда болаларнинг ҳар бир кунининг мароқли ва қизиқарли ўтиши ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1-Тошкент педагогика коллежида шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан анжуман уюштирилди. Бу ҳақда “Тошкент оқшоми” газетаси хабар беради.

Унда ёзги соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича Тошкентдаги мутасадди ташкилотлар, идораларнинг масъул ходимлари, корхона, ташкилотлар тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда «2015 йилги ёз мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил этишда касаба уюшмаларининг роли», «Ёз мавсумига тайёргарликни ўрганиш натижалари ва бугунги кунда жойларда олиб борилаётган ишлар», «Оромгоҳларга болаларни олиб бориш ва олиб келишда йўл-патруль хизмати масъул ходимларининг вазифалари» мавзуларида маърузалар тингланди. Шунингдек, оромгоҳларда фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин чиқишининг олдини олиш, тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш, спорт мусобақаларини уюштириш ҳамда турли мавзулардаги маданий-маърифий учрашувларни ташкил этиш борасидаги ишлар юзасидан ўринли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

"Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук ва баркамол инсон сифатида вояга етишини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Меҳнаткашлар ҳамда уларнинг фарзандларини соғломлаштириш ва дам олдириш, касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Пойтахтимиздаги корхоналар ва ташкилотларнинг шаҳардан ташқаридаги жойлашган сўлим болалар соғломлаштириш оромгоҳларида бу йилги ёз мавсумида жами 42 минг 500 нафардан ортиқ болажонларнинг соғломлаштирилиши режалаштирилган. Жумладан 26 минг 500 нафар фарзандларимиз шаҳар ташқарисидаги 24 та стационар оромгоҳларда дам олса, Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрадиган болажонларнинг 1700 нафарини пойтахтимиз тасарруфидаги баҳаво оромгоҳларга жойлаштириш режалаштирилди. 16 минг нафар бола шаҳар умумтаълим мактаблари қошида ташкил этиладиган 36 та кундузги оромгоҳларда мароқли дам олади. Энг асосий вазифамиз, келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг таътил вақтларини мароқли ва мазмунли ташкил этиш, уларнинг соғлиқларини тиклаш ва таътилнинг ҳар бир дақиқасини сермазмун ўтказишларини таъминлашдан иборатдир", — дейди Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг раиси Сайфулла Аҳмедов.

Top