17:54 / 05.06.2015
6776

Қорақалпоғистонда намунали уйлар қурилишида камчиликларга йўл қўйилгани учун туман ҳокимларининг ўринбосарлари маъмурий жавобгарликка тортилди

Қорақалпоғистон Республикасида 2014 йили 20та қишлоқда намунавий лойиҳалар асосида 627та уй-жой қуриш режалаштирилиб, улар учун газ, сув, электр тармоқлари, йўл ҳамда 8та ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини барпо этиш назарда тутилган эди.

Шунингдек, 2015 йилнинг 30 апрелигача 627 та уйнинг 531 тасида қурилиш ишлари тамомланиб, уларни белгиланган тартибда фойдаланишга топширишга доир ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан олиб борилган текширишларда баъзи ҳудудларда қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани ёки амалга оширилмаган ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланмоқда. Бу ҳақда “Huquq” газетаси хабар берган.

Хабарда айтилишича, 2014 йилда Нукус тумани "Саманбай" овул фуқаролар йиғини ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида 10 та уй-жой қуриш учун "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси билан "Аэрострой Нукус" МЧЖ ўртасида шартнома тузилган. Шартнома шартларининг бажарилиши ва ажратилган пул маблағларининг мақсадли сарфланиши, ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш мақсадида назорат ўлчови ўтказилганда, МЧЖ мансабдор шахслари томонидан ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилгани, жуда кўп миқдордаги қурилиш ишлари амалда бажарилмасдан, ҳисоботларга қўшиб ёзилгани ҳолда "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компаниясига тақдим қилганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Чимбой туманида "Нукус Алияр қурилиш" МЧЖ томонидан 10 та уй-жойни қуришда 158 млн. сўмлик, Нукус туманида "8-сонли Тахиаташ" қурилиш корхонаси томонидан эса 8 та уй-жойни қуришда 15 млн. 200 минг сўмлик қурилиш ишлари бажарилмасдан, бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилди ва айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Шунингдек, Қўнғирот тумани ҳудудида 2014 йил 10 декабрь кунига қадар қурилиши якунланиб, топширилиши лозим бўлган, шартнома бўйича фуқаролар томонидан дастлабки бадал пуллари тўлиқ тўланган 35та намунали уйларда шу йилнинг 1 апрелига қадар ҳам қурилиш ишлари якунланмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот туман ҳокимининг биринчи ўринбосари суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилди. Худди шу каби камчиликларга йўл қўйганлиги учун Беруний, Чимбой, Хўжайли, Нукус ва Кегейли туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди.

Top