15:27 / 08.06.2015
5015

Ўзбекистон MERS вирусини мамлакатга киритмаслик юзасидан чоралар кўрмоқда

Ўзбекистонда мамлакат ҳудудига Яқин Шарқ респиратор синдроми (ЯШРС/MERS)нинг киритилмаслиги ва тарқалмаслиги юзасидан барча чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Мамлакатдаги барча аэропортларда келаётган йўловчилар орасида иситмаси бор беморларни аниқлаш учун замонавий қурилмалар ёрдамида мониторинг ўтказилмоқда.

Айниқса, Яқин Шарқ давлатлари ва Жанубий Кореядан ташриф буюраётган йўловчилар синчковлик билан текширилмоқда.

Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар ва зотилжам ҳолатлари бўйича эпидемиологик назорат ўтказилмоқда. Тиббий ходимлар учун MERS билан касалланган бўлиши мумкин бўлган беморларни аниқлаш ва даволаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилди.

Барча юқумли касалликлар стационарларида бундай беморларни госпитализация қилиш ва хавфсиз шароитларда даволаш учун барча шароитлар тайёрлаб қўйилди.

Маълумот учун, коронавируслар инсонда шамоллашдан оғир респиратор синдромгача олиб келувчи вирусларнинг катта оиласи ҳисобланади. Яқин Шарқ респиратор синдроми Саудия Арабистонида 2012 йилда илк бор аниқланган янги БВРС-КоВ коронавируси томонидан қўзғатилган касаллик ҳисобланади.

Барча касалланиш ҳолатлари Яқин Шарқ давлатларидан келган ёки БВРС-КоВ билан касалланган беморларга қараган одамлар орасида рўй берган. Кўпчилик бирламчи беморлар туялар яшайдиган жойларга борганлари, унинг сути ёки гўштини истеъмол қилганлари аниқланди. Бу касаллик одамлардан юққан иккиламчи касаллик ҳолатларининг кўпчилиги тиббий ходимлар орасида қайд этилган.

Top