22:10 / 11.06.2015
3624

АҚШдаги маҳбуснинг маъшуқаси унга қочишга ёрдам бергани маълум бўлди

Нью-Йоркдаги қамоқхона ходимаси Жойс Митчелл 6 кун аввал шу қамоқхонадан қочиб кетган икки нафар хавфли жиноятчига ёрдам бергани учун тергов қилинмоқда, деб хабар бермоқда NBC телеканали.

Икки нафар қочоқ – Ричард Мэтт ва Дэвид Суэт бир ҳафтадан бери қидирилмоқда. Мэтт ўзининг иш берувчисини ўлдиргани учун 25 йиллик қамоқ жазосини, Суэт эса полициячини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Митчелл жиноятчилардан бири – Мэттга ошиқ бўлиб қолгани сабабли қочоқларни қамоқхонадан олиб чиқиб кетишга рози бўлганини айтди. Бироқ охирги лаҳзада у қўрқиб кетиб, асаби таранглашганини баҳона қилиб, шифохонага ётиб олган. Бироқ Митчелл режалаштирилаётган қочиш ҳақида расмий ходимларга хабар бермаган.

Жиноятчилар пўлат арматура билан мустаҳкамланган камера деворларида тешик очиб, қувур орқали эмаклаб ўтиб, қамоқхона ташқарисидаги оқава сувлар коллекторига чиқишга муваққаф бўлишган. Расмийлар жиноятчилар қўшни Вермонт штатига қочган бўлишини тахмин қилишмоқда. Жиноятчиларни қидиришга Канада ҳукумати ҳам қўшилди.

Top