21:01 / 11.06.2015
5845

Бокуда россиялик ва украиналик спортчилар муштлашиб кетишди

Бокуда бўлиб ўтадиган Евроўйинларда иштирок этадиган спортчилар яшайдиган жойда россиялик ва украиналик спортчилар муштлашиб кетишди.

Атлетлар қишлоғидаги (мусобақа иштирокчилари яшайдиган жой) манбанинг хабар беришича, россиялик ва украиналик спортчилар аввал даҳанаки жанг қилишган, кейин муштлашиб кетишган. Спортчиларни қишлоқ ходимлари ажратишган.

Муштлашувга нима сабаб бўлгани, унда кимлар иштирок этгани ва қим қандай жабр кўргани ҳақида аниқ маълумот берилмади.

Баъзи фикрларга кўра, Россия ва Украина делегацияси орасида тортишув чиқишида ўйинлар ташкилотчиларининг ҳам айби борлиги, спортчилар ўйинлардан ташқари пайтда умуман бир-бирлари билан учрашмайдиган қилиб жойлаштирилишлари керак бўлгани айтилмоқда.

Бокуда бўлиб ўтадиган “Евроўйинлар-2015”нинг тантанали очилиш маросими 12 июнда бўлиб ўтади. Бу ўйинларнинг Озарбайжондаги иқтисодий муаммолар, миллий валютанинг учдан бир қисмга девальция бўлгани ва нефть нархи пасайиши ортида ўтказилиши жамоатчиликнинг эътиборини тортаётган яна бир жиҳат бўлмоқда. Бу ўйинларнинг ўтказилишига Қорабоғ билан боғлиқ можаро туфайли арманлар партияси ҳам қарши чиқмоқда, европаликлар эса Озарбайжонда сўз эркинлиги таҳқирланиши сабабли норози бўлишмоқда. Евроўйинлар 12-28 июнь кунлари давомида бўлиб ўтади. 20та спорт тури: 16та олимпия спорт тури ва 4та ноолимпия спорт тури бўйича мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган.

Top