14:34 / 11.06.2015
11369

"Ўзбекистон - БМТ: Тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлида ҳамкорлик"

2015 йилнинг 11-12 июнь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Пан Ги Мун ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. 

Шу муносабат билан "Жаҳон" AA нашрида кенг қамровли мақола чиқарилди.

Унда 1992 йилнинг 2 мартдан, яъни Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган кундан эътиборан ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан самарали ва кўпқиррали ҳамкорлик бошлангани эътироф қилиниб, БМТнинг қатор саммитларидаги иштироклар орқали нафақат Ўзбекистон учун, балки кенг миқёсли Марказий Осиё минтақаси учун муҳим бўлган ташаббуслар илгари сурилгани таъкидланади.

Мазкур ташаббуслар жаҳонда ўзининг кенг эътирофини топди ва қўллаб-қувватланди. Улар орасида БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан янграган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни яратиш тўғрисидаги ғоя алоҳида ўрин тутади. 

Шунингдек, БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг 2002 йил октябрь ойида Ўзбекистонга буюрган ташрифи чоғида Президент Ислом Каримов таклифи бўйича “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази” ташкил этилгани эслаб ўтилади. 

"Ўзбекистон ташаббуси билан 2010 йили БМТ Котибияти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Котибияти ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланди. Ушбу ҳужжат минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда бу икки тизимнинг иштирокини кенгайтиришга йўналтирилгандир.

Сўнгра ШҲТ Котибияти ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, шунингдек, Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ўртасида Англашув меморандумлари имзоланди. 

Ўз навбатида, 2002 йил октябрида БМТ Бош котиби Кофи Аннан, 2010 йилнинг апрель ойида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун мамлакатимизга келди. 

Сўнгги йиллар давомида БМТ билан ҳар томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТ Тараққиёт дастурининг раҳбари Ҳелен Кларк, БМТ Бош котибининг ўринбосари Нойлин Хейзер, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Гратциану да Силва, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи, БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНEСКО Бош директори Ирина Бокова, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Маргарет Ченнинг Ўзбекистонга ташриф буюргани бу фикрни тасдиқлайди", дейилади мақолада.

"Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ҳамда унинг халқаро ҳуқуқнинг тамойил ва меъёрларига содиқлиги БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Масалан, хавфсизликни таъминлаш соҳасида конструктив ҳамкорликнинг катта тажрибаси тўпланди. Ўзбекистон қуролсизланиш ва қурол-яроғларни тарқатмаслик соҳасидаги барча муҳим халқаро битим ва шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Республика БМТнинг терроризм билан кураш бўйича 13та конвенциясига қўшилган. 

Ўзбекистоннинг БМТ билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларини, энг аввало, Орол денгизи муаммосини ҳам қамраб олган.

Ушбу ҳалокатли ва кенг қамровли экологик инқирознинг нақадар жиддийлигини теран англаган ҳолда, Президент Ислом Каримов 1993 йил 28 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу муаммога қаратди ҳамда уни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни таклиф қилди. Бу даъват ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. 1993 йили республикамиз раҳбарининг ташаббуси билан Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбари томонидан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсис  этилди. 2008 йили ушбу жамғармага БМТ Бош Ассамблеяси ҳузурида кузатувчи мақоми берилди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 2010 йилнинг апрелида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Оролбўйида бўлиб, экологик бўҳрон оқибатларини бартараф этиш юзасидан республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишди. БМТ ва Ўзбекистон ҳукуматининг “Орол денгизи инқирози натижасида жабрланган аҳолининг ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш” қўшма дастури қабул қилингани ушбу ташрифнинг амалий якуни бўлди. 

2013 йил 16 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган “Орол денгизи қуришининг оқибатларини тугатиш ва Оролбўйидаги экотизим инқирозини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ҳам Бош котиб томонидан қўллаб-қувватланди.

2014 йилнинг октябрь ойида БМТ вакиллари 24 та халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари қаторида, дунёнинг 26 мамлакатидан келган олим ва экспертлар билан бирга Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этди. Ушбу анжуман якунига кўра, умумий қиймати 3,2 миллиард АҚШ долларидан зиёд ҳажмни қамраб олган миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон ва БМТ ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳам жадал ҳамкорлик олиб бормоқда. Жумладан, 1993 йилдан 2014 йилгача БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 434 миллион АҚШ долларига тенг 442 лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш, давлат бошқарувини мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги, маданият, илм-фан ва таълим, коммуникациялар ва бошқа жабҳаларда ҳаётга татбиқ этилгани эътиборга моликдир. БМТ Болалар жамғармаси (ЮНЕСКО) ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан ҳамкорликда юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва гендер тенглигини таъминлаш борасидаги дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Улар, хусусан, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва вакцинация тадбирларини амалга ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни юксалтириш, санитария-гигиена меъёрларига амал қилишни таъминлаш, аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини ва уларни иш билан таъминлаш имкониятларини ошириш, репродуктив саломатлик соҳасидаги хизматларни кенгайтириш сингари соҳаларни қамраб олган.

БМТ агентликларининг бевосита кўмагида сўнгги йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси ҳамда бошқа кўпгина мавзуларга бағишланган йирик халқаро анжуманлар ўтказилди.

2014 йилнинг июнь ойида ФАО Бош директори Жозе Грациану да Силванинг республикамизга ташрифи чоғида Тошкентда ушбу ташкилотнинг ваколатхонасини очиш юзасидан битим имзоланди, 2014 йилнинг октябрь ойида эса — “ФАОнинг Ўзбекистон учун ҳадли ҳамкорлик дастури” имзоланди.

2014 йилнинг октябрь ойида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда ўтказилгани ўлкамизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти халқаро майдонда эътироф этилаётганини яна бир карра тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш борасида ЮНЕСКО томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ЮНЕСКО шафелигида Ўзбекистон тарихий шаҳарлари ҳамда халқимизнинг буюк аждодларининг қутлуғ саналари халқаро миқёсда нишонланди.

Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Бухоронинг тарихий маркази, Хивадаги Ичан Қалъа мажмуи ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган. 2014 йилнинг 27 ноябрь куни ЮНЕСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш қўмитасининг Парижда бўлиб ўтган IX сессиясида ўзбек ўткир сўз санъати — аския Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. ЮНЕСКО кўмагида 1997 йилдан бошлаб Самарқандда ҳар икки йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказиб келинмоқда.

Шундай қилиб, бугун ишонч билан айтиш мумкинки, ўтган 23 йил мобайнида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатлар муҳим воқеаларга бой бўлгани баробарида, улар барча йўналишда жадал ривожланиб келмоқда.

БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг мамлакатимизга ушбу ташрифи муҳим воқеа бўлиб, Ўзбекистон ва БМТ томонидан халқаро тараққиёт ва равнақ йўлидаги кўп қиррали ва сермаҳсул ҳамкорликка қаратилаётган катта эътиборнинг яққол намунасидир", дейди "Жаҳон" АА.

Top