10:01 / 13.06.2015
3955

Наманган вилоятида 50та янги туристик хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилади

Кейинги тўрт йил ичида Наманган шаҳрида 5та, Чуст ва Попда биттадан янги меҳмонхона ишга туширилади.

“Ўзбектуризм” МКнинг Наманган вилояти бўйича вакили Ҳошимжон Ғайбуллаевнинг айтишича, ҳозирда Наманган вилоятида шундай объектлардан яна бир нечтаси қурилмоқда. Наманган, Тўрақўрғон, Учкқўрғон ва Янгиқўрғон туманларида янги меҳмонхоналарни барпо этиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ишлари якуний босқичида турибди. Яқин орада ҳаммаси бўлиб 50та янги туристик хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилади.

Вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича доимий равишда ишлар олиб борилмоқда. Оммавийлашиб бораётган тиббий йўналишлар йўлга қўйилмоқда. Маҳаллий соғломлаштириш масканлари хизматларидан фойдаланувчи хорижий меҳмонлар сони юқори суръатлар билан ошмоқда. Бундай масканлар орасида “Чортоқ”, “Гулшан”, “Косонсой”, “Шаханд” ва бошқаларни айтиш мумкин.

Ҳар йили сайёҳлик йўналишларининг географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Янги манзиллар орасида – Поп туманидаги тоғолди Чодоқ қишлоғи ҳам бор. Бу ернинг ёқимли тоғ иқлими, тоза ҳавоси авваллари ҳам сайёҳларни жалб қилган эди. Ҳозирда эса ҳукумат томонидан тасдиқланган дастур туфайли бу ерда хордиқ чиқариш индустриясининг бутун бир тармоғи пайдо бўлади. Бир вақтнинг ўзида бир қатор дам олиш зоналари, кемпинглар, меҳмонхоналар, спорт иншоотлари қурилиши олиб борилмоқда.

Top