10:30 / 17.06.2015
8050

“Оила даврасида” газетаси: Бугун ким демократия деб ўйлаб, билганини қилса, қаттиқ адашади

Ўзбекистонда яна санъаткорларнинг кийиниш маданияти масаласи қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова Тошкентда ташкил қилинган, сенаторлар ва депутатлар, қўшиқчилар ва санъат вакиллари иштирок этган тадбирда ёш хонандаларни яна бир бор танқид остига олди.

“Баъзан экранларимиздаги клиплар, қўшиқчию раққосаларимиз ёки актрисаларимизнинг бачкана қилиқларини кўриб, мантиқсиз сўзларини тинг¬лаб, «маънавиятимизни, ёшларимиз тарбиясини соат сайин бой бериб қўймаяпмизми?», деган савол хаёлингдан ўтади. Бу борада айрим хонандаларимизнинг турли ажнабий ва миллийликка ёт либосларни кийишлари, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз қўшиқ матнлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларнинг оила даврасида кўриладиган экранларга узатилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!”, – хитоб қилди бош вазир ўринбосари.

Миллий эстарада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзо эстрада маҳсулотларининг маънавий даражасини қонунчилик ёрдамида тартибга солиш вақти келганини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда айтилишича, фақат Тошкент шаҳрида 140 дан зиёд тўйхона ва ресторанлар фаолият юритмоқда. Ўрнатилган тартибга қарамай айрим тўйлар дабдаба ва мол-дунёни кўз-кўз қилиш, ҳаёсиз рақслар майдонига айланиб қолмоқда.

“Ўзбекистон — Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади.”, – деб ёзади “Оила даврасида” газетаси.

Top