15:52 / 17.06.2015
6337

Миржалол Қосимов КХДРга қарши ўйин учун таркибда дарвозабон танлашда хато қилганини тан олди

16 июнь куни Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йили Россияда бўладиган Жаҳон чемпионати учун саралаш ўйинларининг 2-босқичидан ўрин олган учрашувда КХДР терма жамоасидан 2:4 ҳисобида мағлубиятга учради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 17 июнга ўтар кечаси чартер рейси орқали Тошкентга қайтиб келишган.

Championat.asia сайти ходими Шаҳбоз Беғамов терма жамоа мураббийи Миржалол Қосимов билан интервью уюштирган.

Журналист уни аэропортдан чиқиши биланоқ сафардаги ўйин ҳақидаги таассуротлари бўйича саволга тутади.

"Учрашув бошланиши билан тезкор гол ўтказиб юбордик. Учта голни ҳам КХДР стандарт вазиятларидан урди. Иккита бурчак зарбаси ва битта аутдан сўнг гол қўйиб юбордик. Бундай воқеалар ривожини ҳеч ким кутмаган эди. Тезкор голлар барча режаларимизни бузиб юборди. Сунъий қопламали майдонда ўйнадик. Тўртинчи голни эса қарши ҳужумда уришди. Иккинчи таймда ҳужум қилдик, вазиятлар яратдик. Бироқ ҳисобдаги фарқни бутунлай йўққа чиқара олмадик. Футболчилар танаффусдан кейин ҳам қўл силташмади, ҳаракат қилишди. Лекин вазиятни ўзгартириш қийин эди. Ҳисоб йириклашиб кетганидан кейин тўхтаб қолмадик ва имкон қадар футболчилар ҳам ўйнашди ва иккита гол киритишга эришишди. Бунақанги ўйинларда бу каби оддий хатоларга йўл қўйиш керак эмас. Барча голларни ўзимизнинг хатоларимиз эвазига ўтказиб юбордик. Бу ўйинда ютқазишимиз керак эмасди. Бироқ футболчилар сунъий қопламали майдонда ўзлари истагандек ҳаракат қила олишмади. Ўйиндан бир кун олдин машғулот ўтказгандик, лекин футболчилар бунақа майдонда тезда мослашиб кета олишмайди", - дея ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди Миржалол Қосимов.

Унга таркиб борасида берилган саволга жавобан, у дарвозани қўриқлашни Игнатий Нестеровга ишониб хато қилганини, унинг ўрнида Элдор Суюновни ўйнатмаганига афсусланаётганини қайд этган. Қосимов, жамоанинг асосий дарвозабони бундай кулгили хатолар қилмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Журналист Қосимовга бу мағлубият унинг фаолиятига қандай таъсир қилишига қизиқиб савол берган.

"Эртага нима бўлиши Худо билади. Нима бўлса, ўшанда кўрамиз. Бугун нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозонишимиз шарт эди. Оддий вазиятлардаги хатолар, бир ўйинда керагидан ортиқ хатоларга йўл қўйдик. Сунъий қопламали майдон ҳам барибир таъсир кўрсатди. Одил Аҳмедовда имконият бўлди, Турсунов, Насимов гол уриши мумкин эди. Бироқ вазиятлардан унумли фойдалана олмадик", дейди бу саволга жавоб беради мураббий.

Интервью сўнгида Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдан кейинги босқичга албатта чиқишини, бунга шубҳаланмаслигини билдирган.

"Филиппин ғалаба қозонганидан хабардормиз. Айтганимдек, Филиппин таркибида яхши футболчилар жамланишган. Уларга оддий рақибдек қарамаслик лозим. Ўзбекистон терма жамоаси бу гуруҳдан чиқади", дейди у.

Энди Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралашидан ўрин олган навбатдаги учрашувни шу йилнинг 3 сентябрь куни ўз майдонида Яман терма жамоасига қарши ўтказади.

Top