19:20 / 20.06.2015
7385

Осиёга ташриф буюриш учун 10та сабаб

Албатта, аслида Осиёдаги гўзал қадамжолар ўндан ортиқ. Рўйхатимиздан юзта пункт ўрин олган тақдирда ҳам, уни тўлиқ, деб бўлмасди. Чунки Осиёдаги дурдоналарни ҳисоблаб чиқиш имконсиз бўлиб, ҳар бир сайёҳ эртами-кеч бунга амин бўлади. Қуйидаги мақолани ёзишдан кўзланган мақсад эса иштаҳангиз ва қизиқувчанлигингизги оширишдан иборат.

 

Tiger’s Nest Temple ибодатхонаси, Бутан

Бутандаги кўп сонли ибодатхоналар орасида айнан шуниси алоҳида диққатга сазовордир. У 3 120 метр баландликдаги қоя устида барпо этилган. Ибодатхонанинг номи “йўлбарс уяси” деб таржима қилинади, чунки афсоналарга кўра, VIII асрда буддизмнинг буюк устози Падмасамбхава йўлбарс устида айнан шу тоққа келган. Бу жойни бетакрор кўриниши ва жойлашуви сабабли ҳам келиб кўриш керак.

 

Сиемреап, Камбоджа

Бугунги кунда Сиемреап Ангкор-Ват қадимий ибодатхона яқинида жойлашганлиги сабабли Камбоджанинг энг тез ўсаётган шаҳри ҳисобланади. Бу IX асрдан XV асргача гуллаб-яшнаган кхемерлар империяси пойтахтининг қолдиқларидир. Ўша пайтда бу ерда бир миллиондан ортиқ киши яшаган, спутник фото суратлари ёрдамида олиб борилган замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Ангкор дунёдаги йирик саноатлашган шаҳар бўлган.

 

Бокео миллий қўриқхонаси, Лаос

Бокео водийси, Лаосдаги мазкур қўриқхона гиббонларнинг ноёб турини сақлаб қолиш мақсадида яратилган. Бу ерда одатда инсон назаридан йироқда бўлган ёввойи табиат ва ҳайвонларни кузатиш имкониятига эга бўласиз. Бунинг учун эса ердан анча юқорида жойлашган махсус кулбалардан фойдаланиш мумкин.

 

Бухта Халонг, Вьетнам

Табиатнинг мўъжизакор гўшаси, у бетакрор маҳаллий флора ва фаунаси туфайли ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерослари рўйхатига киритилган. 3 000 дан ортиқ орол, тепалик, шунингдек ғорларга эга. Мазкур гўшада 1 600 га яқин одам ранг-баранг сузувчи қишлоқларда истиқомат қилади. Табиат ва маконнинг гўзаллиги кишида такрорланмас таассурот уйғотади.

 

Danxia Landform нинг ранг-баранг тоғлари, Хитой

Табиатдаги геологик феноменларнинг энг бетакрорларидан бири саналади. Олимларнинг фикрига кўра, бу миллионлаб йиллар давомида юз берган ер қатламининг ҳаракати, шамол ва емирилиш сабабли юзага келган. Ранг-баранг “қатламали пирог”дан ташқари маҳаллий ғор, водий ва тепаликлардан ташкил топган манзара ҳам кишини лол қолдиради.

 

Камалакли қишлоқ, Тайвань

Бор-йўғи бир неча йил муқаддам Тайчун қишлоғи дунёдаги энг кўримсиз жой эди. Аҳолиси кетиб қолгани сабабли ҳукумат вакиллари эски кулбаларни суриб ташлаш истагида эдилар. Бироқ маҳаллий қария (ўша пайтда 86 ёшда эди) бунга қаршилик қилди, қишлоғига қайта ҳаёт бағишлаш ниятида кўчаларни ёрқин ранглар билан бўяшга киришди. Хуан Юн Фу ижоди натижасида унинг бетакрор истеъдоди намоён бўлди ва фаолияти тезкорлик билан машҳурликка эриша бошлади. Камалак бува ўз ниятига эришди, қишлоқ нафақат сақланиб қолди, балки бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюрадиган жойга айланди.

 

Пагода Шведагон, Мьянма

Мазкур улкан макон Мьянманинг диний ҳаётида марказий қисмга айланган. Шведагон бошқа қадимий қароргоҳларга қараганда емирилиш ва бузилишлар қурбони бўлмаган, шунинг учун уни илк давридаги ҳолатини кузатишимиз мумкин. Ташқи тарафдан безатиш учун ҳаммаси бўлиб 13 153 та олтин плитка ишлатилган, унинг найзасимон учи эса олтин шар ва 4 351 та олмос ва қимматбаҳо тош билан безатилган. Шарқона бадавлатлик ана шунақа кўринишда бўлади!

 

Банауэ, Филиппин

Гуруч экилган далалар, такрорланувчи тоғ қоялари бундан 2 минг йил муқаддам барпо этилган. 1995 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерослари рўйхатига киритилган. Қишлоқ хўжалигининг улкан лойиҳаси машина ва айёр механизмлар мавжуд бўлмаган даврлардаёқ ҳаётга татбиқ этилган. Маҳаллий аҳоли тоғлар натижасида пайдо бўлган очиқ жойларни водийдан келтирилган тупроқ билан тўлдирибгина қолмай, дарё суви далага келиб тушадиган ажойиб суғориш тизимини ҳам ўйлаб топишди. Инсон меҳнатсеварлиги ва қатъиятлигига қўйилган ҳақиқий ёдгорлик!

 

Гонконг, Хитой

Агар сизга бир сонияга бўлсада Осиё фақат ўтмишга муҳрланган ёдгорлик ва ибодатхоналар макони, деган фикр келса, у ҳолда Гонконгга ташриф буюринг. Баъзида бу шаҳарни Осиё Нью-Йорки деб ҳам атайдилар. Бунда ҳам муайян маъно бор: улар ўз қуввати, осмонўпар бинолари, тунги ҳаёти ва маданиятининг ёввойи қоришмаси билан бир-бирига ўхшаб кетади. Яна уни келажак шаҳри деб ҳам аташади, бу ерда нафақат макон, балки вақт бўйлаб ҳам саёҳат қилиш имконияти мавжуд.

 

Буюк Хитой девори, Хитой

Албатта, бу улкан қурилмани суратларда кўрганмиз ва тарих фанида ўтилган бир неча фактлар ҳамон ёдимизда. Бироқ буюк объект ҳақида дарсликлардан маълумот олиш бошқа нарса, уни ўз кўзингиз билан кўриб, таассуротлар оламига ғарқ бўлиш яна бир бошқача. Мазкур мудофаа қурилмасини қуриш учун қанчадан қанча машаққат, воситалар ва инсон ҳаёти сарфланганини тасаввурга сиғдириш мушкул.

Айтингчи, сиз Осиёдаги қайси қадамжоларни кўришга арзигулик маконлар, деб ҳисоблайсиз?

Top