10:54 / 21.06.2015
4107

Алишер Усмонов Нобель совриндори Жеймс Уотсонга унга тегишли мукофотни қайтариб берди

USM Holdings асосчиси миллиардер Алишер Усмонов оғир молиявий аҳволи туфайли Нобель медалини сотишга мажбур бўлган Нобель совриндори, биолог Жеймс Уотсонга унга тегишли мукофотни қайтариб берди. Бу ҳақда “Russian Today” телеканали хабар бермоқда.
Усмонов ушбу медаль учун 4,1 млн доллар тўлади. Уотсон бу пулларнинг бир қисмини илмий-тадқиқот марказлари ҳисобига ўтказмоқчи.
“Университетлар менга стипендиялар тақдим қилишарди, менда грантлар бор эди, улар эвазига мен китоблар ва илмий ишлар ёза олардим. Шунинг учун менга берилган бу пулларни қолганлар ҳам молиявий кўмак олиш имкониятига эга бўлишлари учун ортга қайтараман”, деб таъкидламоқда биолог олим.
Аввалроқ Усмонов Уотсонга унга тегишли Нобель медалини олим Россия Фанлар академиясида маъруза ўқиб бўлиши билан бериши маълум қилинганди.
Уотсон ДНКнинг икки спиралини кашф қилгани учун 1962 йили ушбу медаль билан тақдирланган эди.

Top