12:25 / 21.06.2015
8397

Туринглар саҳарликка!..

Сўзим тегишли бул дам,
Қишлоғу шаҳарликка.
Уйқуга бериб барҳам,
Туринглар саҳарликка!

Шайтонни куюнтириб,
Оловдан кийинтириб,
Аллоҳни суюнтириб,
Туринглар саҳарликка!

Субҳ дилни сато қилур,
Тангрим ризқ ато қилур.
Турмаган хато қилур,
Туринглар саҳарликка!

Турсак, гуноҳлар азон -
Тўкилар мисли хазон.
Бу ой - моҳи Рамазон,
Туринглар саҳарликка!

Файзиёб субҳи содиқ,
Олмагай биздан солиқ.
Бизни халқ қилган Холиқ,
Туринглар саҳарликка!

Бизга омонат бу жон,
Уни айлайлик омон.
"Аллоҳу акбар", дебон,
Туринглар саҳарликка!

Ғафлат - дўзахий ўчоқ,
Ёхуд шайтоний қучоқ.
Иблисга санчиб пичоқ,
Туринглар саҳарликка!

Кимки, ғафлатдан нари,
Бўлмас каму кўстлари.
Эй, Ботирнинг дўстлари,
Туринглар саҳарликка!

Ботиржон Эргашев

Top