15:08 / 24.06.2015
3384

Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоасини ЖЧ-2018га олиб чиқишига ишонишини айтди

23 июнь куни "Пахтакор" жамоасида бош менежер ва бош мураббий ҳисобланган Самвел Бабаян Миржалол Қосимов ўрнига Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий сифатида тайинланганидан кейин "Интерфутбол" газетаси журналисти ушбу мутахассис билан учрашиб, ўз саволларига жавоблар олди.

У аввало табрик учун раҳмат айтади ва бу лавозим ўзи учун ҳам кутилмаган бўлганини билдиради.

"Терма жамоалар мураббийлари Кенгашида қилинган қарор ва ЎФФ президенти Мираброр Зуфарович Усмоновнинг ишончи менга катта куч бағишлади. Шунинг учун ҳам бундай оғир вазифани ўз зиммамга олишга жазм этдим. Ўйлайманки, бу масъулиятли ишни менга ишонишган экан, бор имкониятимни ишга солишга ҳаракат қиламан", дейди Бабаян.

ЎФФ билан тузиладиган шартнома муддати ҳақида сўралганида эса, у бу борада иш олиб борилаётганини, шартнома муддати эса иш жараёнида аниқланиши ёки белгиланган вазифаларнинг бажарилишига қараб шартнома муддати ўзгариб бориши мумкинлигини айтади ва бу замонавий футболнинг бир кўриниши эканини таъкидлайди.

"Авваламбор, жанговор руҳдаги миллий терма жамоамиз ЖЧ-2018 (ОК-2017) саралаш гуруҳида биринчи ўринни эгаллаши лозим. Иккинчидан бош жамоамиз Россияда ўтказиладиган ЖЧ финал босқичига йўлланмани қўлга киритиши керак. Олимпия ва ёшлар термалармиз бош жамоамизнинг келажаги сифатида уларни доимий тарзда кузатиб ёшлар боришим ҳам талаб этилмоқда. Бир сўз билан айтганда барча термалар узвий тарзда боғланган ҳолда фаолият кўрсатади", дейди мураббий ўз олдига қўйилган вазифа ҳақида гапириб.

Бабаян терма жамоа билан 2018 йилги мундиалга боришига ишонишини маълум қилган ва терма жамоада маҳоратли ва тажрибали футболчилар жамланишганини эътироф этиб, Аҳмедов, Денисов, Ҳайдаров, Исмоилов, Сергеев кабилар номини алоҳида қайд этган.

"Улар атрофидаги ажойиб ҳужумкор жамоа ўйинини такомиллаштириб борсак бўлгани. Албатта бу борада менга барча терма жамоалар мураббийлари, Олий лига клубларининг устозлари, хуллас футбол жамоатчилиги яқиндан кўмак беришади деб ўйлайман. Барча ҳамкасблариимнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда иш юритсак албатта мақсадга эришамиз. Шунингдек, сиз журналистлар ҳам бу борада менга ёрдам беришингизни илтимос қилиб қоламан. Ўринли танқид ҳар доим ҳам фойдали ҳисобланади ва мен буни тўғри, самимий қабул қиламан ҳамда бундан тўғри хулоса чиқаришга интиламан. Лекин ўринсиз танқидлар ҳар доим ҳам, ҳар қандай кишини руҳан ва жисмонан ҳолдан тойдиради", дейди у.

Шунингдек у ҳозирча янги мураббийлар штаби тўлиқ шакллантирилмаганини, ягона ёрдамчиси сифатида Равшан Ҳайдаров тасдиқдан ўтгани, яқин кунларда терма жамоа раҳбариятининг таркиби оммага эълон қилинишини билдирган.

Шунингдек, у «Пахтакор» жамосининг кейинги ҳолати ҳақидаги саволга жавоб бериб, Олий лиганинг биринчи давраси охиригача «Пахтакор»да янги бош мураббий иш бошлашини маълум қилган.

Top