15:23 / 25.06.2015
1853

Ҳиндистондаги ёмғирлар туфайли сув тошқини юз бериши натижасида 45 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штатида давом этаётган кучли жала туфайли юз берган сув тошқинлари туфайли ҳалок бўлганларнинг сони 45 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда India TV телеканали хабар берган.

Бу табиат ҳодисаси ҳудудда юз бераётгам муссон мавсуми билан боғлиқлиги айтилган. Кучли ёмғирлар туфайли ҳудуддаги дарё ўз ўзанидан тошиб кетган.

Айни вақтда бир қанча аҳоли яшаш пунктларида транспорт ва электр таъминоти бўйича узилишлар рўй берган. Бу ҳудудларга ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш қийинлашган.

24 июнь куни Багасар шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида уйларни сув ювиб кетиши туфайли 13 киши ҳалок бўлган. Қутқарувчилар бу қишлоқдан 85 кишини ўлимдан сақлаб қолишган.

Қутқарув ушларида Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ва армия аскарлари иштирок этмоқда. Бу жараёнга вертолётлар орқали Амрели тумани ҳудудидаги автобуснинг 44 йўловчиси қутқариб олинган. Автобусдаги 2 киши чўкиб кетган, яна 5 киши бедарак йўқолган.

Айни вақтда Амрели, Раджкот, Бханвагар ва Гир-Сомнатх шаҳарларидаги аҳоли уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. Раджкот шаҳрининг ўзидан 4100 нафар киши кўчирилган.

Метеорологлар кучли жала ёғиши яна камида 3 кун давом этишини тахмин қилишган.

Top