15:24 / 25.06.2015
2603

Мираброр Усмонов терма жамоага ҳар қандай маблағ эвазига, ҳар қандай мутахассисни жалб этишга тайёрлигини билдирди

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитасининг мажлисида терма жамоага хориждан мутахассис олиб келишга доим тайёр эканини билдирди.

Усмонов миллий терма жамоага хорижлик мутахассис жалб этилиши нега бир йил давомида ижобий ҳал қилиб келмаганлигини тилга олиб ўтиб, терма жамоалар мутасаддиларини сўроққа тутди, деб ёзади ЎФФ расмий сайти.

«Мен бир йилдан бери миллий терма жамоага хорижий мутахассисни жалб қилиш бўйича сизларга таклиф ва мулоҳаза киритинг дейман, нега индамайсизлар? Қани таклиф? Ҳар қандай маблағ эвазига, ҳар қандай мутахассисни жалб этишга тайёр эканлигимни ҳар мажлисда такрорласам ҳам ҳеч бирингиз индамайсиз?!»

Шунингдек, ЎФФ президенти терма жамоанинг навбатдаги ўйинига қадар жамоада хорижлик мутахассис иш бошлашини шарт қилиб қўйди: «Нега Терма жамоалар маркази бу масалани ижобий ҳал қилмай, бир йилдан бери чўзиб юрипти. Бу масалани шахсий назоратим остига оламан ва мухлат бераман. Навбатдаги ўйинга тайёргарлик бошлангунча, терма жамоада хорижлик маслаҳатчи мураббий иш бошлаши керак. Тамом!», дея Усмоновнинг сўзларидан иқтибос келтиради ЎФФ расмий сайти.

Top